Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш йўлида инновацион гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилади

Источник: ПРООН в Узбекистане

15 июль куни Тошкент шаҳрида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган, БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳамкорликдаги “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторининг “яшил иқтисодиёт”га инклюзив ўтишини қўллаб қувватлаш ва иқлимга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги билимлари ва инновацион тизимини ривожлантириш” лойиҳаси мақсадларига бағишланган ўқув семинари ташкил этилди.

Cеминарда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг Фарғона, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги агрохизматлар марказлари, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий-тадқиқот институтлари ва уларнинг вилоятлардаги илмий-тажриба станциялари, маҳаллий қишлоқ хўжалигига ихтисослашган олий ва профессионал таълим муассасалари ҳамда фермер хўжаликлари вакиллари иштирок этди.

Семинар бошида ташкилотчилар томонидан Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган, БМТТД ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳамкорликдаги лойиҳасининг асосий мақсад ва вазифалари ҳақида тушунчалар берилди. 

“Лойиҳанинг асосий мақсади илм-фан,  тадқиқотлар,  хизмат кўрсатиш соҳаси ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро муносабатлар самарадорлигини таъминлашдан иборат.  Айнан шу мақсадда, лойиҳа Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг самарадорлигини ошириш, ер майдонлари ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, фермер, деҳқон хўжаликлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек,  давлат ва хусусий сектор ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади”, – деб таъкидлаб ўтди, БМТТД лойиҳасининг миллий координатори Улуғбек Исламов.

Семинар тренинг лойиҳанинг халқаро маслаҳатчиси, қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича 40 йиллик тажрибага эга булган Буюк Британиялик мутахассис Дэвид Кахан томонидан олиб борилди. У дастлаб қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда хизмат қилувчи “Инновацион гуруҳлар” тушунчаси, ушбу гуруҳ ёрдамида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чикаришдаги мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш ва уларни баратараф этилиши тадқиқотларига таянган ҳолда   амалга оширилиши ҳақида тақдимот ўтказди. Семинар тренинг давомида иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, амалий машғулотларда ғалла-пахта, чорвачилик, боғдорчилик соҳаларидаги ҳамда сув ресурси билан боғлиқ асосий муаммоларни таҳлил қилишди. Сўнгра, аниқланган муаммонинг атроф-муҳит ва табиий ресурсларга таъсирини ўрганиб, муаммо ечимига доир тақдимотлар ўтказишди.

Дэвид Кахан тақдимоти давомида, “Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ривожланиши, рақобатбардош ва иқтисодий ўсишида инновациялар ўрни беқиёс. Фермерлар ўз имконияти ва кучига тянган ҳолда, қўл остиларидаги хўжаликларни бизнес каби бошқаришлари ва етарли билим ва кўникмага эга бўлиб турли хавфларга ечим топа олишлари керак. Инновацияларни қўллашда эса хусусий сектор билан самарали алоқалар алоҳида ўрин тутади, бундай алоқаларни ўрнатишда эса инновациялар бўйича мутахассилар талаб этилади.” – дейди у.

“Инновацион гуруҳлар” қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига мослашиб, унинг салбий оқибатларини юмшатишга қаратилган илмий-амалий ечимга эга инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқишади ва амалга оширадилар. Ушбу гуруҳ таркиби фермер, деҳқон хўжаликлари, тадқиқотчи, агробизнес вакиллари, тадбиркорлар ва бошқа алоқадор ташкилот вакилларидан иборат бўлади. Улар турли муаммо ва камчиликларни жамоавий тадқиқотлар олиб бориш натижасида, қишлоқ хўжалигида инновацион ечим ва ёндошувдан иборат лойиҳаларни ишлаб чиқиб уни амалга оширишлари мумкин бўлади. Энг яхши ва инновацион лойиҳалар эса,  шаффоф танлов асосида мазкур лойиҳа томонидан махсус грантлари билан таъминланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.