Ўзбекистонда янги “Silk Avia” авиакомпанияси ташкил этилмоқда

Источник: Uzbekistan Airports

“Uzbekistan Airports” АЖ Ўзбекистон транспорт вазирлиги ташаббуси билан “Silk Avia” ҳудудий шўба авиакомпаниясини ташкил этмоқда. Янги авиаташувчи парвозларни келгуси йилдан бошлашни режалаштирган, дея хабар беради “Uzbekistan Airports” матбуот хизмати.

“Silk Avia” авиакомпанияси Дубай шаҳрида 14 – 18-ноябрь кунлари  бўлиб ўтган “Dubai Airshow-2021” Халқаро авиасалон доирасида, жорий йилнинг сентябрь ойида рўйхатдан ўтган. Унда “Uzbekistan Airports”  ҳамда “HAS Aviation GT LLC” компанияси ҳудудий авиакомпания ташкил этиш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича шартнома имзолаган.

«Ҳудудий авиакомпаниянинг ташкил этилиши Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантириш ва ички туризмни ривожлантириш йўлидаги шарт-шароитларни яратиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу ўз навбатида аҳолининг авиация ҳаракатчанлиги коэффициентининг ортишига таъсир қилади», – дейилади хабарда.

Янги авиакомпания минтақавий аэропортларни ривожлантириш учун ҳам зарур. Шу боис, уни биринчи босқичда “Uzbekistan Airports” бошқарув компанияси яратмоқда. Келгусида авиакомпания хусусий секторга ўтказилиши режалаштирилган. Таъкидлаш жоизки, “Silk Avia” ўзини “Uzbekistan Airports” миллий авиаташувчисининг рақиби сифатида намоён қилмайди, балки ички ташувларни ташкил этиш бўйича ҳамкор сифатида фаолият юритади.

«Биз бозорда ўзбекистонликлар учун арзон нархларда ички авиаташувларни таъминлайдиган авиакомпания ташкил этишни мақсад қилиб қўйдик. Яқин вақтгача Ўзбекистон шаҳарларини боғлайдиган тўғридан-тўғри қатновларнинг йўқлиги катта муаммо эди. Самарқанддан Хоразмга бориш учун йўловчилар Тошкент орқали учишлари керак эди. Бизнинг вазифамиз – ички ташувларни нафақат “point to hub” (пойтахтдан ҳудудларга), балки “point to point” (ҳудудлар орасида) модели асосида ҳам ташкил этишдир. 40 га яқин йўналиш ва 70 кишига қадар йўловчи ташиш қувватига эга минтақавий самолётларни сотиб олиш режалаштирилган. Тарифлар темир йўл тарифларига мувофиқлаштирилади.  Бу ички туризмни ривожлантиришга ва истеъмолчи учун авиачипталарнинг якуний қийматига ижобий таъсир кўрсатади», – дейди “Uzbekistan Airports” АЖ Бошқарувининг раиси Раъно Жўраева.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.