Ўзбекистонда электрон дастлабки тергов тизими ишга туширилади

Источник: yandex.ru

Президент “Ишни судга қадар юритишда ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Бу ҳақда “Норма” нашри ёзади.

Жорий этилаётган “Электрон суриштирув ва дастлабки тергов” ягона ахборот тизими қуйидагиларни назарда тутади:

  • ишни судга қадар юритиш босқичида жиноятларга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотларни кўриб чиқиш ва жиноят иши бўйича суриштирув ва дастлабки терговни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун давлат органлари ҳамда ташкилотлар ўртасида тезкор ахборот алмашиш;
  • суриштирувчи ва терговчиларнинг қарорлари, топшириқлари, кўрсатмалари ҳамда бошқа хабарномаларини тегишли давлат органлари ҳамда ташкилотларга электрон ҳужжат кўринишида юбориш, шунингдек, уларга жавобларни мазкур тарзда қабул қилиш;
  • жиноий ҳаракатлар оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш чораларини кўриш ва унинг самарадорлигини ошириш мақсадида гумон қилинувчи, айбланувчининг мол-мулкини хатлаш, шунингдек, қидирув эълон қилинган айбланувчиларга нисбатан чеклов чораларини АКТдан фойдаланган ҳолда ўз вақтида амалга ошириш.

Ягона тергов ахборот тизими орқали ишни судга қадар юритиш масалаларида электрон ҳужжат алмашиш ИИВ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси, ДБҚ ҳамда Миллий гвардиянинг суриштирув ва тергов органлари томонидан амалга оширилади.

Мазкур тизим доирасида суриштирув ва тергов органлари билан электрон ҳамкорликни амалга оширувчи давлат органлари ҳамда ташкилотлар рўйхати тасдиқланди.

Суриштирув ва тергов органлари ҳамда ҳамкорлик қилувчи ташкилотлар ўртасидаги идоралараро электрон ҳамкорлик қуйидаги талабларга қатъий риоя этган ҳолда амалга оширилади:

  • мавжуд маълумотларнинг тезкорлиги ва ҳаққонийлигини таъминлаш ҳамда ахборот хавфсизлиги талабларига жавоб берувчи махсус алоқа каналидан фойдаланиш;
  • ҳамкорлик қилувчи ташкилотларнинг ахборот тизимларига тўғридан-тўғри уланиш ёки уларнинг маълумотлар базаларини Ягона тергов ахборот тизимида такрорлаш ва мунтазам янгилаб бориш;
  • Бош прокуратура, ИИВ ва ҳамкорлик қилувчи ташкилотлар ўртасида тузиладиган электрон ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар талабларига амал қилиш.

Банк сирини ташкил этувчи маълумотлар суриштирув ёки тергов органларига суриштирувчи ёхуд терговчининг асослантирилган қарорига биноан прокурор санкцияси билан электрон ҳужжат тарзида тақдим этилади.

2022 йил 1 майдан Ягона тергов ахборот тизимининг синов версиясини, 1 августдан тўлиқ версиясини ишга тушириш режалаштирилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.