Ўзбекистонда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилмоқда

Источник: president.uz

Ўзбекистон президенти имзолаган қарорга кўра, ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилади.

Қуйидагилар маҳалладаги ёшлар етакчисининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

– “Ёшлар баланси”ни шакллантириш, ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларига киритиб бориш, улар билан самарали иш ташкил қилиш;

– маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий халқ ўйинлари ва спорт турларини ёшлар орасида оммалаштириш, Беш муҳим ташаббус лойиҳалари, ёшлар фестиваллари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни амалга ошириш;

– ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш;

– ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг интеллектуал жиҳатдан камол топишини ва маънавий ривожланишини таъминлаш;

– ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан тизимли ишлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган ёшларнинг ижтимоий-педагогик реабилитация қилиниши ва мослашувига кўмаклашиш.

Етакчилар ўзига бириктирилган маҳаллаларда фаолиятини қуйидаги асосий йўналишларда амалга оширади:

маданият ва санъатни тарғиб қилиш борасида – “Санъат ғунчалари” кўрик-танлови, мақом, бахшичилик ва эстрада бўйича “Ёшлар овози”, “Ёш мусаввирлар” танловлари ҳамда “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёт фестивалини ўтказади, шунингдек, ёшлар ва болалар театр жамоаларини ташкил этади;

соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш борасида – мини-футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, велоспорт, югуриш, шахмат, шашка, бадминтон, камондан отиш бўйича мусобақаларни ташкил этади, саломатлик учун 5 000 қадам юриш марафони ҳамда “Ёш эколог” акциясини ўтказади;

ахборот технологияларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш борасида – “Бир миллион дастурчи”, “Дастурлашга биринчи қадам” лойиҳаларини амалга оширади, киберспорт чемпионати ва “Ахборот технологиялари билимдони” танловини ўтказади;

маънавият ва китобхонликни тарғиб қилиш борасида – “Заковат” мусобақаси, “Қувноқлар ва зукколар”, “Зукко китобхон”, “Ёш китобхон”, “Ёш китобхон оила”, “Хорижий тиллар билимдони” ва “Ёш полиглот” танловлари ҳамда “Мунозара” интеллектуал ва миллий халқ ўйинларини ташкил этади;

ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш борасида – “Ёш чегарачи”, “Ёш қутқарувчи”, “Қувноқ стартлар”, “Темурбеклар”, “Тўмарис маликалари”, “Шунқорлар”, “Ёш ҳуқуқшунос”, “Ёш сайловчи”, “Ёш депутат” танловлари ҳамда “Мен ҳам аскар бўламан” акциялари ва ҳарбий қисмларга саёҳатларни ташкил этади;

тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш борасида – “Ўзбекистон учун 100 ғоя” ва “Маҳалланинг ишбилармон тадбиркори” танловлари, “Бизнесга биринчи қадам” грант лойиҳаси ҳамда муваффақиятга эришган тадбиркорлар билан учрашувларни ташкил этади.

Етакчининг ойлик иш ҳақи миқдори у бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгилансин:

– хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 баравари миқдорида;
– хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари миқдорида;
– хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 баравари миқдорида.

Ёшлар ишлари агентлигига фаолият самарадорлиги кўрсаткичларидан келиб чиқиб, Етакчиларни ҳар чорак якуни бўйича ойлик иш ҳақининг 50 фоизигача миқдорда мукофотлаш ҳуқуқи берилсин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.