Ўзбекистонда коронавирусга қарши қўшимча доза билан эмлаш бошланди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши қўшимча (бустер) доза билан ихтиёрий эмлаш амалга оширилади. Бу ҳақда “Спутник” нашри ёзади.

«Мамлакат бош давлат санитария врачининг кўрсатма хатига мувофиқ, 2021 йил 17 ноябрь кунидан бошлаб тўлиқ эмланган фуқаролар (2 ёки 3 маротаба эмланганлар) бустер доза билан ихтиёрий эмланади», — дея изоҳ беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Таъкидланишича, бу аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясига қарши иммунитетни ошириш мақсадида амалга оширилмоқда. Бустер доза билан тўлиқ вакцина курсини олганига 6 ой ва ундан ортиқ вақт ўтган аҳоли вакиллари эмланиши мумкин.

Бустер доза олмоқчи бўлган аҳоли республиканинг барча даволаш-профилактика муассасаларининг эмлаш пунктларида эмланишлари мумкин.

«Газета.uz» нашрининг қайд этишича, Бустер доза эмланувчи шахснинг хоҳишига биноан исталган мавжуд вакцина билан амалга оширилади. Вазирликнинг аниқлик киритишича, Ўзбекистонда ҳозирда фақат қўшимча дозага рухсат берилган, ревакцинацияга эмас.

Бустер дозаси олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар emlash.uz орқали сертификатлар базасига киритилади ҳамда эмланганлик тўғрисидаги сертификатда олинган қўшимча доза ҳақида маълумотлар пайдо бўлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.