Ўзбекистонда коррупция учун ҳукм қилинган шахслар реестрини яратиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистон Адлия вазирлиги коррупцияга қарши курашишга йўналтирилган қатор қонун лойиҳаларини тайёрламоқда, дея хабар беради адлия вазирининг маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова. Бу ҳақда Sputnik нашри ёзади.

Унинг сўзларига кўра, ҳужжатларнинг лойиҳалари президент топшириғи бўйича ишлаб чиқилган бўлиб, жамоатчилик муҳокамасига чиқарилади. Сўз “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги, “Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида”ги ва “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мулкини декларациялаш тўғрисида”ги қонунлар ҳақида бормоқда.

Улар “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри”ни юритишни кўзда тутади. Исмлари ушбу реестрга киритилган собиқ амалдорлар қатор чекловларга эга бўлади. Улар давлат хизматига ишга кира олмайди, назорат остидаги корхоналарнинг акцияларига эга бўла олмайди. Уларга педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳамда хорижда ҳисобрақамлар ва мулкка эга бўлиш тақиқланади.

«Ҳужжатлар қабул қилинган тақдирда, 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади», — дейди Ш. Соатова.

Улар ушбу чоралар кучга кирганидан кейин амалга оширган ўзларининг ҳар бир қимматбаҳо харидининг келиб чиқиш манбасини тасдиқлаши шарт бўлади. Декларацияни тақдим этишдан бош тортиш ва ҳаққоний бўлмаган маълумотларни киритиш ишдан бўшатиш ва жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади.

Шунингдек, коррупцион жиноятлар учун жавобгарликни ҳам қатъий қилиш, шу жумладан умрбод озодликдан маҳрум этиш ҳам режалаштирилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.