Ўзбекистонда олтинчи халқаро жаз фестивали ўтказилади
Шу йилнинг 30 апрелидан 18 майига қадар Ўзбекистонда олтинчи халқаро жаз фестивали бўлиб ўтади. Мазкур фестиваль 2011 йилда ЮНEСКО томонидан бутун дунёда расман эълон қилинган бўлиб, Халқаро жаз кунини нишонлаш муносабати билан ўтказилмоқда. ЮНEСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси шафелигида Ўзбекистон санъат ва маданият ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Франция, Германия, Венгрия, Ҳиндистон, Польша, Словакия, Швейцария ва АҚШ элчихоналарнинг саховатли ёрдами ва иштироки билан ташкил этилмоқда.
“Жаз – бу ўзини намоён қилиш санъати. Жаз мусиқачиси оддий ижрочи эмас; у томошабинлар назарида бир марта ва абадий бадиий асар яратувчи санъат ижодкоридир! ЮНЕСКО одамлар ва халқлар ўртасида тинчлик, мулоқот ва ўзаро тушунишни ривожлантириш учун жаззнинг кучига ишонади. Фестивалининг мақсади Ўзбекистон ва хориждаги жаз мусиқачиларига ушбу универсал тил, маданий хилма-хиллик ва маданиятлараро мулоқотни турли мусиқий тадбирлар орқали нишонлаш имкониятини яратишдан иборат. Машҳур жаз ижодкори – Билл Эванс айтганидек: «Жаз – бу нима эмас, бу қандай», – дейди ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари жаноб Александрос Макаригакис.
Халқаро жаз куни ҳар йили «тинчлик, бирдамлик, мулоқот ва одамлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришга ёрдам берувчи куч сифатида халқаро хабардорликни ортириш” муносабати билан ташкил этиладиган тадбирдир. Шунингдек, бу кун дунёдаги, жумладан, Ўзбекистонда ҳам энг муҳим мусиқий тадбирлардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон 2015 йилдан буён Жаҳон жаз байрамига қўшилган. Шундан бери фестиваль йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Жорий фестиваль доирасида асосий платформа бўлиб хизмат қиладиган ва 85 йиллигини нишонлайдиган Ўзбекистон Давлат консерваториясида, шу билан биргаликда Хиванинг Ичан-Қалъа майдонида очиқ осмон остида, Урганч шаҳридаги Огоҳий номидаги Урганч вилоят мусиқали драма театрида, Бухоро шаҳридаги Бухоро мусиқали драма театрида ва Тошкентдаги Илҳом театрида хориждан ва Ўзбекистондан жаз ижрочиларининг 20 га яқин контсертлари бўлиб ўтади. Бундан ташқари, Успенский номидаги мусиқа мактаби, Тошкент Цирк коллежи, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Тошкентдаги “Бонум фактум Галереяси” ва “Мақом” барлари ҳамда Бухородаги мусиқа коллежида маҳорат дарслари ва жем-сейшнлар ташкил этилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, анъанавий тарзда фестиваль иштирокчилари Ўзбекистонга нафақат ўз маҳоратини намойиш этиш, балки ўз тармоғини кенгайтириш ва халқаро жаз жамиятига аъзо бўлиш учун келган турли мамлакатлардан кўплаб жаз юлдузларидан иборат. Тим Бёрнер (Германия), Вендетта Жинетти (АҚШ), Игорь Бутман ва рус жаз оркестри (Россия), Грегори Приват триоси (Франция), Ага Зарян ва Микал Токай (Польша), Айк Григорян квинтети (Арманистон), Бенни ва The Jazz Collective — Бенедикт Лазарус (Ҳиндистон), Мило Сухомель ва Павол Береза (Словакия), Флора Кисс ва Матиас Тот (Венгрия), Пэт Эпплтон, Де-Фаза овози (Германия), Малькольм Брафф ва Клэр Хугенен (Швейцария), Тони Момрелл (Буюк Британия), Мелвин Трэвис ва Черемизов квартети (Франция ва Россия), “Джаззирама” (Ўзбекистон) ва Сабина Мустаева (Ўзбекистон) бу йилги иштирокчилар жумласидандир.
Чипталар ва таклифномалар ҳақида маълумот қуйидаги ҳаволада: https://iticket.uz/ru/events/jazz-festival
Чипталар нархидан йиғилган барча маблағлар хайрия жамғармасига ўтказилади.
Шарҳлар