Ўзбекистонда Қорабайир отлари маҳорат мактаби ташкил этилади
Ўзбекистон Президенти имзолаган қарорга мувофиқ Миллий гвардия ҳузурида Қорабайир отлари маҳорат мактаби ташкил этилади.
Сурхондарё вилояти, Термиз тумани, Янгиобод маҳалласи ҳудудидаги 64,6 га ер майдони бино ва иншоотлари билан бирга Миллий гвардиянинг балансига ўтказилсин ва унда Қорабайир отлари маҳорат мактаби жойлаштирилади.
Миллий гвардия, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясига Қорабайир отлари маҳорат мактаби фаолиятини 2021 йил 1 октябрдан бошлаб тўлиқ йўлга қўйиш топширилди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги икки ой муддатда Қорабайир отлари маҳорат мактаби отларига озуқа базасини яратиш мақсадида 100 га суғориладиган ер майдонини белгиланган тартибда ажратиш чораларини кўради.
Қуйидагилар Қорабайир отлари маҳорат мактабининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:
– ёш авлод чавандозларини тарбиялашга йўналтирилган миллий от спорти мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказишда Қорабайир зотли отлардан фойдаланишни оммалаштириш ҳамда миллий от спортининг халқаро довруғини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
– йилқичиликда наслчилик ишларини такомиллаштириш йўли билан Қорабайир зотли отлар бош сонини кўпайтириш;
– Қорабайир зотли отларни сақлаш ва сифатли ветеринария хизмати кўрсатиш ишларини яхшилашга кўмаклашиш, шунингдек, жаҳон бозорида от зотлари орасида Қорабайир от зотининг рақобатбардошлигини таъминлаш;
– аҳолининг кенг қатламини, айниқса ёшларни, Қорабайир отлари маҳорат мактабидаги секция ва клубларга жалб этиш.
Ҳужжатда Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Қорабайир отлари маҳорат мактабида шуғулланувчилар кейинчалик бепул фойдаланишлари учун Қорабайир зотли отларни Сурхондарё вилоятининг маҳаллий бюджети ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг маблағлари ҳисобидан сотиб олиш ташаббуси қўллаб-қувватлангани қайд этилади.
Миллий гвардия, Туризм ва спорт вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясига қуйидагилар топширилди:
– ҳар йили “Наврўз” умумхалқ байрами арафасида Сурхондарё вилоятида Қорабайир зотли отлар иштирокида халқаро чавандозлар мусобақасини ўтказиш;
– ҳар йили Қорабайир зотли отлар иштирокида миллий от спорти турлари, замонавий бешкураш, поло бўйича маҳалла, туман, вилоят ва республика миқёсида мусобақалар ташкил этиш.
Ҳужжатга мувофиқ Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Миллий гвардияга қуйидагилар топширилди:
– қорабайир зотли отларни оммалаштириш мақсадида махсус веб-сайтлар ташкил этсин ва унинг фаолиятини доимий йўлга қўйиш;
– “Ҳар бир йигитнинг уйида оти бўлсин” шиори остида Қорабайир зотли отларнинг тарғиботини амалга ошириш.
Шарҳлар