Ўзбекистонда таълим соҳасини қўллаб-қувватлашга 580 млн доллар йўналтирилади

Хилола Умарова и Мунир Мамедзаде. Источник: ЮНИСЕФ

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Таълим бўйича глобал ҳамкорлик (GPE), ЮНИСEФ, миллий ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда 2023-2026 йилларга мўлжалланган таълимни ислоҳ қилиш бўйича Йўл харитасини тақдим этди.

Ривожланиш бўйича ҳамкорлар “Йўл харитаси”ни амалга оширишни қўллаб-қувватлашга, жумладан, келгуси уч йил давомида таълимни қўллаб-қувватлашга йўналтириладиган 580 миллион доллардан ортиқ маблағни жалб қилиш орқали ўзларининг содиқлигини тасдиқладилар.

“Йўл харитаси сифатли таълимдан тенг фойдаланишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда таълим соҳасини ислоҳ қилишни жадаллаштиришнинг муҳим воситасидир. Ушбу ҳужжат 2026 йилгача ривожланиш стратегиясига мувофиқ мактабгача таълим ва мактаб таълимини ислоҳ қилишнинг 2026 йилгача бўлган натижалари ва мақсадлари билан аниқ ўлчанадиган устувор йўналишларни белгилайди”, — дейилади ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабарида.

“Йўл харитасининг ишлаб чиқилиши ривожланиш бўйича ҳамкорларимиз билан биргаликда ислоҳот дастурининг амалга ошишини таъминлашга қаратилган мантиқий ва муҳим қадамдир. Таълим соҳаси бўйича ишлаб чиқилган Йўл харитаси нафақат таълим соҳасидаги турли манфаатдор томонлар ўртасидаги мувофиқликни кучайтириши, балки энг самарали ечимларни кенгайтириш имконини бериши ҳам кутилмоқда”, — дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова.

Айни пайтда 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларни 80 фоизга қамраб олиш учун қўшимча 620 минг мактабгача таълим муассасаси керак бўлади. 2026 йилга бориб халқ таълимига 1,2 миллионга яқин мактаб ўқувчиси ўрни керак бўлади.

“Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигини “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишдаги етакчилиги учун табриклайман. Йўл харитаси 150 дан ортиқ ҳамкорлар иштирокидаги жараён натижасидир. Йўл харитасининг биргаликда тасдиқланиши Ўзбекистондаги барча қизлар ва ўғил болалар учун таълим тизимини ўзгартириш йўлидаги муҳим қадамдир”, — дейди Таълим бўйича Глобал ҳамкорлик (GPE) ижрочи директори Лаура Фригенти.

“Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга ҳамкор ташкилотлар ўртасида мувофиқлаштириш йўқлиги сабаб бўлган. Ушбу келишув ҳозирда 54 та ҳамкор ташкилотни бирлаштириб, таълим соҳасини ислоҳ қилишнинг аниқ дастурини тақдим этади. Ушбу ҳужжат ахлоқ, ҳалоллик, коррупцияга қарши курашиш, адолат ва инсон ҳуқуқларини амалга ошириш каби тамойилларга асосланади.

“Сифатли инсон капитали – миллат юксалишининг асосидир. Мавжуд демографик имкониятларни дивидендларга айлантириш учун Ўзбекистон ривожланиш бўйича ҳамкорлар билан биргаликда таълимга сармоя киритишни устувор йўналишда давом эттириши керак. Йўл харитасини ишлаб чиқиш жараёнида бу борада муҳим қадамлар белгиланди”, — дейди ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. “Бунга эришиш учун мактабгача таълим ва мактаб инфратузилмасини кенгайтириш ва модернизация қилиш, шунингдек, сифатли инклюзив таълимдан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга тенг даражада катта инвестициялар талаб этилади”, — деди у.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.