Ўзбекистонда уран қазиб чиқариш ҳажмлари ошади
Президент Шавкат Мирзиёев 19 май куни геология соҳасини янада ривожлантириш, фойдали маъданлар ва ерости суви захираларини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда мутасаддилар шу борада ишлаб чиқилган режалар юзасидан ахборот берди. Унга кўра, умумий қиймати 182 миллион долларлик 14 лойиҳа шакллантирилган.
Президент бу лойиҳалар билан чегараланмасдан, юқорироқ марра олиш кераклигини таъкидлади. Шу мақсадда, 2022-2026 йилларда геология-қидирув ишларини амалга ошириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бу дастурда 8 та янги кон ва 18 та истиқболли майдон ҳисобига уран захирасини ошириш, замонавий бурғилаш ускуналарини олиб келиш, рақамли геология моделини яратиш кўзда тутилади.
Уран захирасини халқаро стандартларга мувофиқ баҳолаш, сўнгги технологиялар асосида рудадан уранни ажратиб олиш даражасини ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳузурида “Янги кон” лойиҳа офиси ташкил этиш, унинг устав капиталига 15 миллион доллар ажратиш мўлжалланган. Бу лойиҳа офиси литий, алюминий, магний, графит ва бошқа нодир металларни ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширади.
Давлат раҳбари жаҳон бозорида уран нархи барқарор ўсиб бораётгани, янги лойиҳаларда бу хомашёни қайта ишлаш ва қўшилган қиймат яратишга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади.
Шарҳлар