Ўзбекистонда қурилиш коррупциядан холи соҳага айлантирилади

Фото: Ўзбекистон 24

Президент раислигида уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда.  Унда қурилишни коррупциядан холи соҳага айлантириш мақсадида 1 июлдан:

➖ қурилишда тузиладиган барча шартномалар рақамлаштирилади;

➖ пудратчи ташкилотлар бажарган қурилиш ишлари фақат солиқ органига тақдим этилган электрон ҳисоб-фактурадан келиб чиқиб молиялаштирилади;

➖ объектни фойдаланишга қабул қилиш жараёни рақамлаштирилиб, далолатномалар “Шаффоф қурилиш” орқали тасдиқланади;

➖ 10 миллиард сўмдан ортиқ лойиҳалар бўйича субпудратчиларни фақат ва фақат “Шаффоф қурилиш” тизими орқали танлаш тартиби йўлга қўйилади. Ушбу тартиб халқаро молия ташкилотлари билан амалга оширилаётган лойиҳаларга ҳам татбиқ этилади;

➖ ишлаб чиқарувчи ҳам, қурувчи ҳам, назорат қилувчи ҳам қаерда қайси қурилиш материали қанча пул туришини онлайн кузатиб борадиган тизим бўлади.

Шунингдек, қурилишда лойиҳалаштиришни тартибга солиш мақсадида Қурилиш вазирлигида Лойиҳа офиси тузилиши белгиланди.

Офис:

➖ қиймати 10 миллиард сўмдан юқори лойиҳаларни ишлаб чиқиш жараёнида уларнинг хавфсизлик ва энергия тежамкорликка жавоб беришини, қиймати сунъий ошиб кетмаганини лойиҳачилар билан бирга баҳолаб боради;

➖ ҳар йили мактаб, боғча, тиббиёт, йўл, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти каби соҳаларнинг ҳар бирида камида 2-3 тадан намунавий лойиҳалар ишлаб чиқади.

Бундан буён, Лойиҳа офисининг тавсияси бўлмаган лойиҳа ҳужжатлари давлат экспертизасига қабул қилинмайди.

Мутасаддиларга эскирган 105 та қурилиш нормаларини илғор хорижий тажриба асосида қайта ишлаб чиқиш топширилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.