Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси виза олиш учун янги шартларни эълон қилди
Ўзбекистонда жорий йилнинг 13 февралидан Тошкентдаги АҚШ элчихонасига ноиммиграцион виза олиш учун мурожаат қилувчиларга нисбатан янги талаб кучга киради. Бу ҳақда элчихона хабарида айтилади.
“Консуллик бўлими тез кунларда, барча ноиммиграцион виза мурожаатчиларидан айнан суҳбатга рўйхатдан ўтиш вақтида фойдаланилган DS-160 анкетасини суҳбат куни ҳам тақдим этишларини талаб қила бошлайди. 2024 йилнинг 13 февралидан эътиборан, суҳбатга фарқли DS-160 анкетасининг тасдиқланган саҳифаси билан ташриф буюрган мурожаатчилар виза суҳбатига қабул қилинмайдилар ва улардан қайта суҳбат белгилашлари сўралади”, — дейилади хабарда.
Агар суҳбатга рўйхатдан ўтиш учун фойдаланилган DS-160 анкетаси тўлиқ бўлмаса ёки ноаниқликлар мавжуд бўлса, мурожаатчилар янги DS-160 анкетасини тўлдириши ва янги штрих код рақамидан фойдаланиб, суҳбатга ёзилиши керак бўлади.
“Агар анкетангизга шунчаки аҳамиятсиз ўзгартиришларнигина киритишингиз керак бўлса, суҳбатга янги анкета тўлдирмаган ва қайтадан рўйхатдан ўтмаган ҳолда ҳам келишингиз мумкин. Ходимларимиз анкетангизга киритиладиган аҳамиятсиз тузатишларга ёрдам беради”, — дейилади хабарда.
Шарҳлар