Ўзбекистондаги аттракционларнинг деярли учдан бир қисми носоз ҳолатда деб топилди

Источник: unsplash.com

2022 йилнинг иккинчи чораги давомида Вазирлар Маҳкамасининг топшириғи билан республика бўйлаб мавжуд аттракционлар устидан давлат назоратини амалга ошириш учун тегишли ташкилотларнинг 100 дан ортиқ вакилларидан иборат ҳудудлар кесимида 16 та ишчи гуруҳ тузилди. Улар мамлакат бўйлаб 143 та маданият ва истироҳат боғларида 1879 та турли аттракционларни синовдан ўтказди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ахборот хизмати раҳбари Малика Миржамолова маълум қилди.

Кўнгилочар боғлардаги 574 та (30,5%) аттракционлар техник жиҳатдан носоз эканлиги аниқланиб, фаолияти чекланиб, фойдаланишни тўхтатиш чоралари кўрилди.

Ушбу аттракционларнинг 450 га яқини истироҳат боғларининг ихтиёрида, қолганлари хусусий тадбиркорларга тегишли бўлиб, шартнома асосида фойдаланилмоқда.

Маданият ва истироҳат боғлари раҳбарларига камчиликлар бартараф этилгунга қадар аттракционлар фаолиятини тўхтатиб туриш юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига 166 та мурожаат юборилди.

Текширувлар давомида ҳар бир истироҳат боғида ёнғин-қутқарув, тиббий техника воситаларининг тўсиқсиз ҳаракатланиши учун шарт-шароит яратиш, фавқулодда вазиятларда фуқароларни эвакуация қилиш йўналишларини ташкил этиш ва уларнинг доимий тайёр бўлишини таъминлаш чоралари кўрилди.

Бундан ташқари, истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бошқа кўнгилочар масканларда, жумладан, аҳоли яшаш жойларида ва кўп қаватли уйлар олдидаги очиқ майдонларда батутлардан фойдаланиш кескин ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.