Ўзбекистонликлар Meta (Facebook) компаниясининг лойиҳасини амалга оширишга грант ютиб олди

Источник: Министерство по развитию информационных технологий и коммуникаций

Қорақалпоғистонлик Бекназар Абдикамалов ва Азиз Муртазоев сингапурлик ҳамкори Жастин Ким билан биргаликда Ami руҳий саломатлик бўйича стартапни ишга тушириш учун Meta (Facebook) грантини қўлга киритди. Инвестициялар ҳажми 3 миллион долларни ташкил этди. Бу ҳақда Ахборот технологияларини ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги хабар беради.

Лойиҳа руҳий саломатлик хизматини янада қулайроқ қилиш учун онлайн маслаҳат сеансларини ўз ичига олади. Бу Осиё мамлакатларидаги бизнес эгаларига ўз ходимларининг руҳий саломатлигини яхшилаш имконини беради.

Стартап асосчилари таъкидлашича, бундай платформани яратиш ғояси пандемиядан кейин пайдо бўлган, негаки Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2022 йил март ойидаги ҳисоботига кўра, пандемиядан сўнг бутун дунё бўйлаб депрессия, тушкунлик даражаси 25 фоизга ошган.

«Биз Ami жамоасининг иштиёқи ва истеъдодидан ҳайратдамиз. Уларнинг Осиё аҳолисига руҳий саломатликларини сақлаш йўлида яна бир усул тақдим этиш саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқчимиз», — Сунита Парасураман, Meta компаниясининг инвестициялар бўлими раҳбари.

Осиёнинг улкан стартап марказлари Сингапур ва Жакартадан ташқари, Ami стартапини бутун Осиё бўйлаб кенгайтириш, бу орқали компанияларга руҳий саломатлик платформаси ёрдамида юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш имкониятини яратиш режалаштирилмоқда. Лойиҳа асосчилари, жамиятда руҳий саломатлик аҳамияти ҳақидаги билимларни оширишни ўзлари учун олий мақсад деб билишади.

Молиялаштириш босқичида Meta компаниясига инвесторлардан Goodwater Capital Kakao, Coupang ва Viva Republica’ни қўллаб-қувватлаган), Strong Ventures, January Capital ва Collaborative Fund қўшилган.

Платформанинг ишлаш усули: рўйхатдан ўтиш жараёнида фойдаланувчилар махсус формани тўлдириш жараёнида ўзларини энг кўп ташвишлантираётган масалалар ҳақида маълумот киритадилар. Олинган маълумотларга кўра, платформа уларни керакли шифокор билан боғлайди ва шу тариқа мутахассисдан зарур психологик ёрдам олинади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.