Ўзбекистонликларга газни огоҳлантиришсиз ўчирмасликни ваъда қилишди

Табиий газ энди огоҳлантиришсиз ўчирилмайди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқарма бошлиғи Баҳодир Ваҳобов маълум қилди, деб ёзади “Спутник” нашри.

«Ҳа, илгари огоҳлантиришсиз ўчириларди. Энди бундай ҳолат бўлмайди. Фавқулодда ҳолатларда эса аҳоли маҳаллий ҳокимлик органлари орқали хабардор қилинади», – деди Ваҳобов.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги кунга қадар икки миллионга яқин хонадонга электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилган. Барча истеъмолчиларнинг телефон рақамлари базага киритилган. Агарда истеъмолчида қарздорлик аниқланса, унга албатта хабарнома юборилади ва қарзни тўлаш учун беш кун муддат берилади.

Электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилмаган хонадонлар эгаларининг рақамлари ҳам базага киритилган ва уларда ҳам қарздорлик мавжуд бўлса, табиий газ ўчирилиши ҳақида огоҳлантирилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.