Ўзбекистоннинг иккита партияси Конституцияга ўзгаришлар киритишни таклиф этмоқда

Источник: УзЛиДеП

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон либерал-демократик партияси ва “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияларининг йиғилиши ўтказилди. Конституцияга ўзгаришлар ва қўшимчалар киритиш иккала йиғилишнинг асосий мавзусига айланди.

“Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида илгари сурилаётган кенг кўламли вазифалар, ҳусусан адолатли ва халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби улуғвор мақсадлар уларни амалга оширишга зарур ҳуқуқий асосни таъминловчи “Конституциявий маконни янада такомиллаштириш эхтиёжини кун тартибига кўймоқда. Шу сабабли, бугун Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатлар Бош қомусимиз – Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнини бошлаш таклифи билан чиқишди”, – дейилади Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг хабарида.

«Миллий тикланиш» партиясининг таъкидлашича, конституциявий ислоҳотларни ўтказиш ташаббуси президент Шавкат Мирзиёев томонидан лавозимига киришиш маросимида сўзлаган  нутқида ҳамда Конституция кунига бағишланган байрам табригида илгари сурилган.  Депутатларнинг фикрича, асосий қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласининг амалга оширилиши мамлакатнинг янги тараққиёт босқичи ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳқам ҳуқуқий пойдеворни яратади.

“Илгари сурилаётган ташаббусда Конституциямизда оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларимизни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича билдирилаётган таклифлар партиядошларимиз ва хайрихоҳларимиз томонидан қўллаб-қувватланишига ишончимиз комил», дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.