“Ўзбекнефтгаз” компанияси АИ-80 бензини нархи ошишига изоҳ берди

Источник: Anhor.uz/Дана Опарина

“Ўзбекнефтгаз” компаниясига қарашли ёқилғи қуйиш шохобчаларида АИ-80 русумли бензин нархи 4,3 фоизга яъни 6500 сўмдан 6800 сўмга қимматлашди. Бу 2021 йил охиридан бери биринчи марта ўсишдир. “Ўзбекнефтгаз” АЖ бу нима билан боғлиқлигини изоҳлади, деб ёзади UzReport.

Компанияда бензин нархининг ошишини жаҳон бозорида Брент маркали нефть нархининг ошиши билан боғлашмоқда, уларнинг сўзларига кўра бу “муҳим омил” ҳисобланади.

“Жаҳон бозорида Брент маркали нефть нархининг ўзгариши бутун дунёда бензин ва бошқа нефть маҳсулотлари нархининг ошиши ёки тушишига таъсир этувчи муҳим омил ҳисобланади. Бугунги кунга келиб, АҚШда бензин рекорд даражада қимматлашди, хусусан, Европа мамлакатлари -Германия, Швеция, Нидерландия, Исландия, Греция, Дания, Финляндия, Норвегия, Бельгияда нархлар 2,242 – 2,564 АҚШ доллари даражасида кўтарилишда давом этмоқда ”,– дейилади хабарда.

Мисол учун, йил бошидан бери нефть котировкалари 1,3 баробарга (баррелига 115 доллар) ўсган бўлса, Европа мамлакатларидаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида чакана бензин нархи 1,2-2,0 баробарга ўсиб, тарихий антирекордларни янгилади.

Ўз навбатида, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан табиий газ, нефть ва газ конденсати қазиб чиқариш, нефть ва газ маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичлари бажарилиб, истеъмолчиларнинг табиий ва суюлтирилган газ, нефть маҳсулотларига бўлган талабини қондириш бўйича барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шу мақсадда жойларда янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.

“Табиий газ ва газ конденсати қазиб чиқариш учун барча куч ва захиралар сафарбар этилган. Бу нефть ва газга, жумладан, бензин маҳсулотларига ўсиб бораётган талабни қондириш орқали республикада нархлар барқарорлигини таъминлашга ижобий таъсир кўрсатади”, — деб ҳисоблайди компания.

Шунингдек, нархлар ўзгаришининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқариш кўрсаткичлари оширилаётгани, қайта ишлашнинг янги имкониятлари жорий этилаётгани аниқланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.