Зеленский украинлар яшайдиган РФ ҳудудлари тўғрисидаги фармонни имзолади
Украина президенти Владимир Зеленский “Россия Федерациясининг тарихан украинлар яшайдиган ҳудудлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат 22 январь куни унинг офиси сайтида эълон қилинди.
У Украина ҳукуматига халқаро экспертлар, Украина Жаҳон Конгресси вакиллари, олимлар ва жамоатчилик билан биргаликда Россиядаги украиналарнинг миллий ўзига хослигини сақлаб қолиш бўйича ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишни топширди.
Зеленский ҳозирги Краснодар ўлкаси таркибидаги Кубан, Стародубшчина, Шимолий ва Шарқий Слобожаншчина, Белгород, Брянск, Воронеж, Курск ва Ростов областларини тарихан украинлар яшайдиган ҳудудлар қаторига киритди.
Фармон 1919 йилда Украина халқ республикаси ва Ғарбий Украина халқ республикасини бирлаштириш тўғрисидаги ҳужжат имзоланганлиги муносабати билан Украина кунида эълон қилинди.
Аввалроқ Зеленский Радага кўп фуқаролик тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритгани ҳақида ёзган эдик.
Шарҳлар