«Жара» фестивалига чипталар сотилиши тўхтатилди
Тошкентдаги «Янги Ўзбекистон» боғида 20−21 май кунлари бўлиб ўтиши керак бўлган «Zhara» (ЖАРА) рус мусиқа фестивали бошқа вақтга кўчирилиши мумкин. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри концерт ташкилотчиларига таянган ҳолда ёзади.
29 март куни блогер Мирзаёр Эркинов «Кремль томонидан қўллаб-қувватланган ва Кремлни қўллаб-қувватловчи Z-артистлар» иштирок этгани учун тадбирни бойкот қилишга чақирди.
Журналист ва блогер Никита Макаренко Instagram тармоғидаги zhara events аккаунти ўчирилганини ва чипталар савдоси тўхтатилганини қайд этади. Концерт ташкилотчиларининг «Газета. uz» нашрига маълум қилишича, “кўплаб шикоятлар туфайли” саҳифа Instagram томонидан блокировка қилинган.
«Газета.uz» нашри бу борада изоҳ iTicket компаниясига мурожаат қилди. Компания буни «техник иш» билан боғлиқ, дея изоҳлаган. Кейин эса саҳифа «концерт бекор қилиниши мумкинлиги сабабли вақтинча ёпилганини» қайд этган. iTicket.uz сайти чипталарни қайтариш учун компания офисига боғланиш кераклигини айтган.
Аввалроқ бу фестиваль Боку ва Алмата шаҳарларида бекор қилинганди. Қозоғистонда ҳам ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари фестивални бекор қилишни талаб қилиб, бойкот эълон қилишди. Қозоғистонликлар орасида биринчи норозилик тўлқинидан сўнг фестиваль ташкилотчилари «Россия учун» концерт марафонида иштирок этган Лолита, Сергей Лазарев, Егор Кред ҳақидаги афишаларни олиб ташлади. Улар билан биргаликда Полина Гагарина ва Лариса Долина ушбу тадбирларда чиқиш қилишди. Уларнинг концертлари Қозоғистонда жамоатчилик босими остида бекор қилинди.
Алматада бекор қилингандан сўнг фестиваль Тошкентга кўчирилиб, унда HammAli & Navai, EMIN, Ани Лорак, Ольга Бузова, Dabro, Дискотека Авария, Жасмин, Artik&Asti, KARNA.VAL, Ваня Дмитриенко, Vlade Kay, Mary Gu, Bahh Tee & Turken, Cosmos girls, Нюша ва бошқаларнинг чиқиши режалаштирилганди.
Шарҳлар