Жарроҳлик марказида инсон аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш бўйича илмий лаборатория ташкил қилинади

Источник: rcsc.uz

Жарроҳлик марказида инсон аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш бўйича илмий лаборатория ташкил қилинади. Шунингдек, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тиббиёт академиясининг Хирургия ва трансплантология кафедраси ташкил этилади. Бу ҳақда президент қарорида сўз боради.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда Хирургия марказини модернизация қилиш учун 11 миллион АҚШ доллари миқдорида халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағларини жалб қилиш чораларини кўриш топширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан биргаликда 2022-2023 йиллар давомида кам инвазив ва юқори технологик жарроҳлик амалиётлари кўлами оширилишини, шу жумладан, туман (шаҳар)ларда амалга ошириладиган амалиётлар тури 60 тадан 79 тага, ҳудудларда эса 130 тадан 168 тага оширилишини, Хирургия марказида юрак ва ўпка трансплантацияси жорий этилишини таъминлайди.

Хирургия маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази 2022 йил якунига қадар барча ҳудудларда буйрак трансплантацияси амалиёти йўлга қўйилишини таъминлаши лозим.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Хирургия маркази ва ҳудудий давлат тиббиёт муассасаларининг хорижий тилларни яхши биладиган ходимларини 2021-2022 йилларда хирургия соҳаси учун долзарб йўналишлар бўйича нуфузли хорижий тиббиёт муассасалари ва марказларига малака ошириш ва стажировка ўташ учун юбориш, шунингдек, Хирургия маркази фаолиятига етакчи хорижий мутахассисларни жалб этиш чораларини кўриши лозим.

2021 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлигига юрак нуқсонларини даволаш учун мўлжалланган 500 та тиббий буюм (окклюдер) харид қилишга Соғлиқни сақлаш вазирлигига ривожлантириш дастурлари учун ажратилган маблағлар доирасида вазирликка 10 миллиард сўм маблағ ажратилади. 2022 йилдан бошлаб эса эҳтиёждан келиб чиқиб ҳар йили ўртача 2 500 та окклюдер харид қилиш учун Давлат бюджети параметрларида зарур маблағлар назарда тутилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.