Жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилувчи сифатида такси хизматларини кўрсатишга рухсат берилади

Источник: unsplash.com

“Автотранспорт воситаларини бошқаришда ва йўналишсиз такси фаолиятини амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, 2022 йил 1 сентябрдан автотранспортни бошқариш учун ишончномаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали (my.gov.uz) электрон расмийлаштириш йўлга қўйилади. Электрон ишончномани нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди ва у ЙПХ ходимлари томонидан электрон текширилади.

Электрон ишончнома учун давлат божи ишончномани нотариал тасдиқлаш учун белгиланган давлат божига (БҲМнинг 3 баравари – 900 минг сўмга) нисбатан қуйидаги фоизларда ундирилади:

– бир ойгача бўлган муддатга – 10 фоиз (90 минг сўм);

– олти ойгача бўлган муддатга – 50 фоиз (450 минг сўм);

– уч йилгача бўлган муддатга – 100 фоиз (900 минг сўм).

Юридик шахслар ҳайдовчиларининг 2 йилда 1 марта мажбурий малакасини ошириш талаби бекор қилинди.

2022 йил 1 сентябрдан фуқаролар ва йўловчи ташиш лицензиясига эга юридик шахслар ўртасидаги транспорт ижараси шартномаларини нотариал тасдиқлаш талаб қилинмайди. Бунда мазкур шартномалар солиқ органларида электрон ҳисобга олинади.

2022 йил 1 сентябрдан 2024 йил охиригача:

– 4 тадан кўп бўлмаган ўриндиқларга эга транспортларда йўловчи ташиш ўзини ўзи банд қилиш деб қаралади ва ушбу фаолият лицензия варақаси асосида амалга оширилади;

– лицензия варақаси беришда автомобилнинг эксплуатация даврига қўйилган талаб бекор қилинади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.