Журналистика университети талабани урган ходимни ишдан бўшатди

Источник: Университет журналистики и массовых коммуникаций

ЎзЖОКУ талабаси университетда ректор Шерзожхон Қудратхўжага салом бермагани учун шу университет ходими томонидан калтаклангани хабар қилинганди. Университет талабалари университетнинг Телеграмдаги “Талаба мурожаати” гуруҳида таълим муассасасининг маъмуриятига мурожаатлар ёзишган. Бироқ орадан маълум вақт ўтиб, хабарлар ўчириб ташланган, деб ёзади «Газета» нашри.

Университет ходимларидан бири гуруҳда ҳақоратомуз сўзларни ёзган ва раҳбариятдан норози бўлган талабаларни ҳайдаш билан таҳдид қилган. Ушбу мавзудаги барча постлар ҳам ўчирилган.

Мазкур ҳолат оммага тарқалгач, университет ректори Шерзодхон Қудратхўжа бу воқеадан хабари йўқлиги, бироқ ноҳақ ҳаракат қилганлар жазоланиши, талабанинг салом бериш-бермаслиги бу ихтиёрийлигини, талабалардан ҳеч бири ҳайдалмаслигини айтган.

Ҳолат бўйича 10 сентябрь куни университетда Одоб-ахлоқ комиссиясининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилиши бўлиб ўтган. Унда университет талабаси Ж.Маҳмудов ҳамда университет ходимлари У. Рустамов, Х. Мирзаев, Ф. Очилов ўртасида бўлиб ўтган келишмовчилик ҳолати кўриб чиқилди.

Ўрганишга кўра, университет ходими Х.Мирзаев талаба билан ўзаро қўпол муомала сабабли шахсий тортишувга боргани маълум бўлди. Вазият университет профилактика нозири Ҳ.Содиқов томонидан ўрганиб чиқилган ва шу куннинг ўзида томонлар ярашуви қарори қабул қилиниб, масалага ечим берилган.

«Бироқ, ярашув қарори қабул қилинганига қарамай, университет ички меҳнат тартиби қоидалари бузилгани юзасидан чора кўрилиши лозим деб топилди. Меҳнат кодексининг 181-моддасида назарда тутилган интизомий жазо чораси, яъни ўз ваколати доирасидан ташқарига чиққани сабабли Х.Мирзаев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди», — дейилади университет баёнотида.

Бошқа ходимлар — У. Рустамов ва Ф. Очиловга нисбатан ҳайфсан интизомий чорасини қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди. Шунингдек, университет раҳбариятига ўз вақтида хабар бермагани сабабли профилактика нозири капитан Ҳ. Содиқовга нисбатан тегишли чора кўрилиши учун туман Ички ишлар органига тавсия юборилган.

Шу билан бирга, баёнотда университет маъмурияти устоз-шогирд анъаналари, талабалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва жамоада ўзаро ҳурмат каби қадриятларга қатъий риоя қилиниши қайд этилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.