Зоминда аэропорт очилди
Жиззах вилоятининг Зомин шаҳрида аэропорт очилди. Терминал 30 йўловчига мўлжалланган. 1 сентябрь куни у LET L-410 ва Pilatus PC-24 самолётларини қабул қилди.
Жиззах вилоятининг Зомин шаҳридаги янги аэропортнинг очилиш маросимида вилоят, туман, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси раҳбарлари, туман жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.
Тошкентдан парвоз қилган кичик LET L-410 самолёти анъанавий тарзда сувли арка билан кутиб олинди. Шу куни Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Pilatus PC-24 бизнес-жети етиб келди.
Тантанали маросимда сўзга чиққан вилоят ҳокими Эргаш Солиев Зомин улкан туризм салоҳиятига эга ҳудуд эканлигини, туризм тараққиётнинг асосий двигателларидан бири эканини таъкидлади.
Аэропортнинг очилиши аҳоли бандлигини, хусусан, умумий овқатланиш, меҳмонхона бизнеси, транспорт инфратузилмаси ва хизмат кўрсатиш соҳаларида бандлигини оширишга хизмат қилади.
Ҳоким таъкидлаганидек, йил давомида вилоятга 1,5 миллион нафарга яқин маҳаллий сайёҳлар, 140 минг нафарга яқин хорижий сайёҳларни жалб этиш режалаштирилган.
Аэропорт зарур радио, аэронавигация ва бошқа жиҳозлар билан жиҳозланади, дейилади хабарда.
Зоминга мунтазам рейслар қачон йўлга қўйилиши ҳозирча маълум қилинмаган.
Шарҳлар