Зўравонликка учраган қизлар отаси билан бирга яшашни хоҳламаяпти
Аввал Қашқадарёда қизларга отаси томонидан турли зўравонликлар қилинганлиги ҳақида хабар берган эдик. Болалар омбудсмани ушбу ҳолат юзасидан батафсил маълумот берди.
Ишчи гуруҳ томонидан М.Ш. ва Н.Ш.(қиз болалар) ларга нисбатан содир этилганлиги билдирилган жисмоний ва руҳий тазйиқ ҳолатлари атрофлича ўрганилган.
25 мартдан бошлаб, М.Ш. ва Н.Ш. лар ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлганлиги сабабли Қашқадарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Вояга етмаганларни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида сақланиб келмоқда.
Ишчи гуруҳ томонидан қизларнинг келгусида қайси қариндошлари билан яшашни ҳохлаши сўралганида, улар отаси Р.Н. билан яшашни мутлақо истамаслигини билдирганлар. Қизларнинг сўзларига кўра, отаси Р.Н. уларни мактабга юборишни истамай, таълимга тўсқинлик қилиши, турли қаттиқ жисмлар билан уриб келганлиги, заруратсиз оғир меҳнатга мажбурлашини (рўзғорда кир ювиш машинаси бўлсада, барча кирларни фақат қўлда юдиришини), шунингдек, бувиси Л.Н. ҳам уларга турли тазйиқ ўтказиб, агар айтганини қилмаса, отасига урдиртириш билан таҳдид қилиб келган.
«М.Ш. ва Н.Ш.лар вафот этган онасининг опа-сингиллари бўлган 2 нафар холаси уларни яхши кўришини айтиб, келгусида ана шу холаларидан бири билан яшашга истак билдирдилар», – дейилади хабарда.
Бугунги кунда ишчи гуруҳ томонидан қизларнинг қариндошларидан қай бири улар учун яшаш ва таълим олиш шароитини таъминлай олиши ҳар томонлама ўрганилмоқда.
Шарҳлар