Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари эълон қилинди
Мамлакатда хотин-қизларни эъзозлаш, уларнинг эзгу орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзининг иқтидори, муҳим ғоя ва ташаббуслари, ибратли амалий ишлари ва эришган ютуқлари билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиб, Ватан равнақи йўлида бор куч-ғайрати, замонавий билим ва малакаси, маънавий-интеллектуал салоҳиятини намоён этаётган қизларни муносиб рағбатлантириш мақсадида, Ўзбекистон Президенти «Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Унга кўра, «Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссиясининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтидорли қизларини аъло хулқи, ноёб истеъдоди, зукколиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари ҳамда таълим, фан, адабиёт, санъат, маданият, спорт соҳаларида ва жамоатчилик фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун 28 нафар қизларни Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги таклифлари иловадаги рўйхатга мувофиқ маъқуллан»ган.
Қарор билан:
Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганларга 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказиладиган байрам тантаналарида совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топширилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларининг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида пул мукофотини тақдим этади.
Шарҳлар