ME’MOR//2019 ғолиблари танлов таассуротлари ва тажрибаси билан ўртоқлашади
ME’MOR//2021 II-Меъморчилик кўрик-танловига ижодий ишларни қабул қилиш ишлари якунланишига оз вақт қолди. Танловнинг мақсади – қулай, экологик ва барқарор шаҳар муҳитини яратишга ёрдам берадиган архитектура ва шаҳарсозлик соҳасидаги энг яхши ишларни аниқлаш ва рағбатлантиришдан иборат.
ME’MOR//2019 ғолиблари танловнинг ҳозирги иштирокчилари билан ўзларининг танлов таассуротлари ва унда олган тажрибаси билан ўртоқлашади.
- 2019 йилда танлов ҳайъати таркибига жаҳонга машҳур архитекторлар ҳам кирганди. Машҳур меъморлардан лойиҳаларингиз/қурган биноларингиз бўйича шарҳлар эшитиш сиз учун фойдали бўлдими?
Дилноза ҒОЗИЕВА. «Архитектура. Қурилмалар» номинацияси, I ўрин – OASIS бизнес маркази; II ўрин – спорт-соғломлаштириш мажмуи:
Барпо этган иншоотлари, лойиҳалари ўз ҳамкасблари орасида тан олинган ва одамларнинг меҳрига сазовор бўлган машҳур Усталар, таниқли архитекторларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Танлов менга ана шу имкониятни тақдим этди. Архитектура – бу санъат, унда ҳаммаси ғоядан бошланади. Архитекторнинг синчков, қийин, билим ва қобилиятни талаб қилувчи асосий иши эса лойиҳалаштириш ва қуришдан иборат. Ғояларни лойиҳада қандай рўёбга чиқариш керак, архитектура шакллари ва табиат қандай қилиб ўзаро боғланиши лозим, архитектурадаги янги тенденцияларни ва анъаналарни қандай қилиб бир-бирига уйғунлаштириш керак – мана шулар мен танловда қатнашиб эга бўлган қимматли билимлардир.
- Сизнингча Ўзбекистонда барқарорлик тамойилларини ҳисобга олувчи қурилмалар мавжудми? Агар мавжуд бўлса, уларни мисол тариқасида келтирсангиз. Агар йўқ бўлса, нега бу тенденция ҳозирча бизда йўқлиги борасида ўз нуқтаи назарингизни билдирсангиз.
Виктория ЗЕМЦОВА, «САД» студияси. «Архитектура. Лойиҳалар» номинацияси, II ўрин – Кенсай Вилладж эко-қўрғони; «Интерьер» номинацияси, II ўрин – Tim,s Coffee:
Бизнинг барқарор архитектурамиз ёки экологиклик базавий нарсалардан ташкил топган. Биринчиси – бу туб тарихий меъморчилик, у ҳали шиша, иситиш, кондиционерлаш тизимлари мавжуд бўлмаган даврларда яратилган, уйлар қуёш, шамол, сув ва ҳоказоларга мўлжал олган ҳолда қурилган. Яъни уйни иситиш, совутиш учун ташқаридан минимум маблағ ва усуллар талаб қилинадиган тарзда. Кўпроқ қурилиш материаллари билан ишланган. Ҳозир материаллар, технологиялар рўйхатини бироз янгилаш керак холос, шунда биз минтақамиз учун экологик ва долзарб бўлган архитектурани яратиш масаласини ҳал қиламиз. айнан у фойдаланиш борасида қимматли, самарали ва арзон бўлади.
- ХХ асрда Ўзбекистонда барпо этилган архитектура намуналаридан қай бирларини ҳозирги архитектура ечимларига мослаштирган бўлардингиз?
Фарҳод МУСОҚОВ. «Архитектура. Лойиҳалар» номинацияси, III ўрин – «ТМЗ» АЖ заводини реконструкция қилиш, III ўрин –Bamiyan маданият маркази:
Ўтган аср архитектурасининг энг мослаштирилган объектлари сифатида мен Ўзбекистон тарихи музейи (собиқ Ленин музейи) ва “Шарқ” нашриёт-полиграфия компаниясининг биноларини айтган бўлардим. Энг аввало, архитектура шакллари ва шаҳар ҳудудининг ўзаро боғлиқлиги бўйича. Бу бинолар шаҳар ҳудудига идеал тарзда мос тушган: баланд доминанта – барча томондан яхши кўриниб турадиган улкан соатлар ва кичкина доминанта бир томондан Навоий театрига ва бошқа томондан Мустақиллик майдонига халақит бермайди. Шундай қилиб, биз ҳудудга мослаштирилган ноёб режали ечимни кўрамиз. Бунда бу объектлар ўтган асрнинг 60-йиллари кайфиятини ифодаламайди. Улар 50 йилдан кейин ҳам, юз йилдан сўнг ҳам долзарб, қизиқарли ва уникал бўлиб қолади.
ХХ аср ўзбек архитектураси ҳақида гапирар эканмиз, “Ўзбекистон” меҳмонхонасини тилга олмасдан илож йўқ, албатта. У Париж учун Эйфел минораси, Австралия учун Сидней опера театри қандай рамз бўлса, Ўзбекистон учун ҳам шундай рамз ҳисобланади.
- Сизнингча бугунги кунда архитектура олдида қандай вазифалар турибди?
Рустам РАХМАТОВ. «Архитектура. Лойиҳалар» номинацияси, I ўрин – Тошкентдаги бизнес марказ; II ўрин – Бекободда ёшлар боғининг реконструкцияси; III ўрин – Тошкентда меҳмонхона мажмуаси:
Замонавий архитектура қуйидаги вазифаларни ҳал қилиши керак: одамларнинг ҳаёти ва фаолияти учун ҳудудни тўғри ташкиллаштириш, тарихий қийматга эга мавжуд бинолар реновацияси, уларни жамиятнинг долзарб талаблари остига мослаштириш. Шунингдек, одамларда эстетик дидни тарбиялаш вазифаси ҳам барча замонлар учун долзарб бўлиб қолади. Яна, архитектура доим инсонни ҳайратга солиши, унинг тасаввурини лол қолдириши ва кўлами, гўзаллиги, оддийлиги ва бир вақтнинг ўзида мураккаблиги билан қойил қолдириши керак.
Янги нарсаларни ўтмиш ютуқлари ва халқ анъаналарини ҳисобга олган ҳолда яратиш – муҳим.
- Сиз ўтган сафар Тошкентдаги хусусий мактаб лойиҳаси билан ғолиб чиққандингиз. Ўшандан буён лойиҳа бўйича фикрингиз ўзгардими?
Давронбек САЛИМБЕКОВ. «Архитектура. Лойиҳалар» номинацияси, III ўрин – Тошкентдаги хусусий мактаб:
Биз мактаб лойиҳаси устида 2019 йилда ишладик ва аввал бошиданоқ хорижий талаблар стандартларига мос келишга ҳаракат қилдик, аммо бунда албатта маҳаллий нормаларимизни ҳисобга олдик. Хусусий мактаблар учун мўлжалланган биноларга қўйиладиган талаблардан келиб чиқиб, ўқув блокларининг учинчи қаватини қурдик. Агар биз лойиҳани ҳозир лойиҳалаштирганимизда, бутун уч қаватли бино лойиҳасини бирданига ишлаб чиққан бўлардик. Шу боис менда шундай истак бор: лойиҳачиларга эркинроқ ишлаш имкониятини бериш учун амалдаги нормаларни қайта кўриб чиқиш керак.
- 2019 йилда сиз Лойиҳалар номинациясида 1-ўринни эгалладингиз. Илтимос, айтсангиз, бундай танловлар ёш архитекторларга керакми?
Бекзод САИДОВ. «Архитектура. Лойиҳалар» номинацияси, I ўрин – Fishville ресторани:
Улар жуда керак ва жуда муҳим. Биринчидан, кўрик-танловлар, айниқса уларнинг таркибида таниқли архитекторлар бўлса, ижодкор кишига ўзидаги кўникмаларини яархлаш, такомиллаштиришга ва янги нарсаларни ўрганишга ёрдам беради. Иккинчидан, тажрибали ҳамкасблар билан мулоқот қилиш архитектурадаги янги тенденцияларни билиш, билимларни ошириш, қобилиятларни ривожлантириш имконини беради.
- Бу йилги танлов иштирокчиларига истакларингиз.
Заур МАНСУРОВ. «Интерьер» номинацияси, II ўрин – Arena Markaz дўкони:
Ҳамкасбларимга ўз лойиҳаларида самимий бўлишларини тилардим. Ўлкамизнинг ҳақиқий, аутентик гўзаллигини тадқиқ қилинг. Нимани – архитектура ёки интерьерни – яратишингизнинг аҳамияти йўқ, асосийси – у таниладиган бўлиши лозим. Бир тасаввур қилинг, шаҳримиз, мамлакатимиз келажаги, қиёфаси ва имижи қўлларингизда. Шундай экан, келинглар архитектура ва дизайндаги замонавий лендмарклар Ўзбекистонни бутун дунёга танитадиган қилайлик. Кўп йиллардан кейин ҳам камтарона тарзда “Бир пайтлар буни мен яратгандим” деб айтишдан уялмайлик.
Танловга материалларни тақдим этишга шошилинг – икки кун қолди!
Шарҳлар