Суд ахборотидан фойдаланиш: суд тизими қачон шаффофроқ бўлади

Источник: rawpixel.com

2023 йил январь ойида 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланганди.

Жамоатчилик ва ОАВ билан самарали ўзаро алоқани йўлга қўйиш қуйидаги кўринишда тақдим этилган:

  1. Олий суд ва қуйи судларнинг жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик қилувчи тузилмаларининг иш фаолиятини танқидий жиҳатдан қайта кўриб чиқиб, шиддат билан ўзгариб бораётган ахборот маконида уларнинг янгича ёндашув ва усуллар асосида фаолият юритишини йўлга қўйиш.
  2. Судлар фаолияти билан боғлиқ турли манбаларда эълон қилинадиган нохолис ва бир томонлама ахборотлар бўйича зудлик билан муносабат билдириш амалиётини йўлга қўйиш.
  3. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини тўғри ва холисона, қонун талаблари доирасида ёритишни ташкил этиш мақсадида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан журналистлар ва блогерлар учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш.
  4. Кенг жамоатчиликда судлар фаолияти бўйича объектив ва холисона фикр-мулоҳазалар ҳамда қарашларни шакллантириш мақсадида медиа режа асосида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда турли шакл ва кўринишдаги чиқишларни ташкил этиш.
  5. Суд корпусини шакллантиришда очиқлик ва шаффофлик тамойилини кенг жорий этиш

Бундан олдинги 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури асосан рақамлаштиришга тааллуқли бўлиб, умуман судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш учун судлар фаолиятига замонавий технологияларни жорий этиш вазифаларини қўйганди.

Рақамлаштириш, суд ахборотидан фойдаланиш ва жамоатчилик билан алоқалар тушунчаларини фарқлаш зарур. Суд-ҳуқуқ тизимини рақамлаштириш судлар фаолияти тўғрисидаги ахборот – суд маълумотларининг ошкоралиги ва очиқлигининг ошишига олиб келиши керак.

Судлар фаолияти тўғрисидаги маълумотларнинг очиқлиги ва улардан фойдаланиш имконияти, очиқ суд мажлисларига эркин кириш имкониятини таъминлаш масалаларида ҳамон камчиликлар мавжуд бўлиб, ҳуқуқий ва техник ечимларга эҳтиёж бор.

Суд ахбороти ўзи нима? 

Ахборотдан фойдаланиш – бу фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларига бевосита ёки билвосита дахлдор бўлган аниқ манбадан маълумотларни олиш ва ундан фойдаланиш имкониятидир. Давлат суд тизими доирасида ахборотдан фойдаланиш имкониятини таъминлаши керак.

Суд маълумотлари очиқ суд мажлисларида қатнашиш, ишлар ва низолар тоифалари бўйича суд қарорлари билан танишиш, суд ишларини кўриш чиқиш ва суд амалиётини умумлаштириш процедуралари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.

Фуқаролар ва юридик шахслар судлар фаолияти ва суд ишлари тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқига эга.

Ахборот олиш механизмлари шартли равишда қуйидагиларга бўлинади:

– очиқ ва ошкора суд муҳокамаси ва унда иштирок этиш ҳуқуқи

– суд органларидан маълумот сўраш ҳуқуқи

– судлар фаолияти тўғрисида ҳамма учун очиқ бўлган маълумотларни Интернет тармоғида олиш ҳуқуқи

Суд мажлисларида қатнашиш қандай таъминланади?

Суд жараёни ишнинг тоифасига қараб очиқ ёки ёпиқ бўлиши мумкин. Ҳар бир жараён бошланишидан олдин судья иш қайси режимда кўриб чиқилаётганини эълон қилиши шарт.

ОЧИҚ суд жараёнида фуқаролар ва журналистлар мажлислар залида бўлиши мумкинлигини кўзда тутади.

ЁПИҚ суд муҳокамаси суд мажлисининг бошида эълон қилинган суднинг асослантирилган ажрими асосида ўтказилади. Иш ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши ҳақидаги маълумот ҳамма учун очиқ бўлиши керак.

Суд ишини ёпиқ тартибда кўриб чиқишдан мақсад махфий маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўймасликдир, хусусан:

  • бола асраб олиш сири
  • давлат сирлари
  • тижорат сири
  • ёзишмалар сирини сақлаган ҳолда ишда иштирок этаётган шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотлар

Жиноят ишлари бўйича судларда суд ишларининг айрим турлари фақат ёпиқ суд мажлисида кўрилади:

  • мурдани эксгумация қилиш тўғрисида илтимоснома (ЖПК м.).
  • қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома (ЖПК 243-модда).
  • айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида илтимоснома (ЖПК 256-модда).
  • вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар ҳақидаги иш (ЖПК 560-модда)

Фуқаролик ишлари тарафларнинг илтимосномаси ёки суднинг ташаббуси билан асослантирилган ажрим чиқарилган тақдирда ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқилиши мумкин. Асос сифатида шахсий ҳаёт ва қонун билан қўриқланадиган сирлар (тиббий сир, солиқ сири, суғурта сири, банк сири, васиятнома сири ва бошқалар) ҳимоя қилиниши мумкин.

Иқтисодий ишлари ва маъмурий иш юритиш бўйича ишлар асосан очиқ суд мажлисида кўрилади.

Барча тоифадаги ишлар бўйича суд қарорини эълон қилиш ҳар доим оммавий ва очиқ ҳисобланади. Ёпиқ суд ишларида ҳал қилув қарорининг фақат кириш ва қарор қисмлари оммага эълон қилинади.

Очиқ суд мажлисида фотосуратлар, видеолар, аудио ёзувлар қандай амалга оширилади?

Олий суднинг тушунтиришларига кўра, суд мажлиси залида фуқаролар олдиндан келишилмаган ҳолда исталган суддаги ҳар қандай иш юзасидан ёзма қайдлар, стенограммаларни олишлари мумкин.

Фотосурат ва видео суратга олиш ёки оммавий ахборот воситаларида эфирга узатиш учун томонларнинг розилиги ёки фикрини ҳисобга олган ҳолда суднинг олдиндан рухсати талаб қилинади.

Суд мажлисини суратга олиш, видеога олиш ва аудиога ёзиб олиш қоидалари:

Иш тоифаси Ёзма қайдлар, стенограмма Аудиёзув Фотосуратга олиш, видео тасвирга олиш, ОАВда трансляция қилиш
Фуқаролик иши Эркин Томонларнинг розилиги

Суд рухсатномаси

Томонларнинг розилиги ва

суд рухсатномаси

Иқтисодий иш Эркин Эркин Томонлар фикрини ҳисобга олган ҳолда ва суд рухсати билан
Жиноий иш, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги иш Эркин Томонлар фикрини ҳисобга олган ҳолда ва суд рухсати билан Томонлар фикрини ҳисобга олган ҳолда ва суд рухсати билан
Давлат ҳокимияти органлари ва мансабдор шахсларнинг ҳаракати/ҳаракатсизлиги бўйича шикоят қилиш Эркин Эркин Томонлар фикрини ҳисобга олган ҳолда ва суд рухсати билан

Процесс иштирокчиларининг илтимосномаларини, оммавий ахборот воситалари вакилларининг мурожаатларини қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисида суд жойида ажрим чиқаради ва у суд мажлисининг баённомасига киритилади.

Суд оммавий ахборот воситалари вакилларини суд мажлиси баённомасида қайд этилган, тарқатилаётган ахборотнинг тўғрилиги, ҳаққонийлиги, холислиги ва ишончлилиги учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантиради, бу ҳақда суд мажлиси баённомасига ёзув киритилади.

Очиқ суд мажлисларига киришда қандай муаммолар юзага келади?

Олий суднинг аниқлик киритишича, суд мажлисида иштирок этаётган шахсларнинг, шу жумладан оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд биносига кириши суднинг ички фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларда белгиланган тартибда қатъий равишда таъминланиши керак.

Шу билан бирга, фуқароларнинг суд биносига мобил қурилмалари, ноутбуклари билан киришлари тақиқланади. Кириш жойида хавфсизлик учун масъул бўлган ходимлар гаджетларни сақлаш учун олиб кетишади.

Олий суднинг тушунтиришлари билан бир қаторда, фуқаролар ва журналистларни барча судлар учун мажбурий бўлган техник жиҳозлар ва гаджетлар билан суд биносига киритишни тартибга солувчи ягона қоидалар қабул қилиниши керак. Бу фуқаролар ва журналистлар учун суд биноларига киришнинг ягона амалиётини йўлга қўйиш имконини беради.

Қонунларнинг суд мажлисларининг очиқлиги тўғрисидаги талаблари юридик кучи бўйича юқорироқдир. Фуқароларни суд биносига киритиш қоидалари тўғрисидаги ички ҳужжатлар, кўрсатмалар, буйруқлар суд маълумотларидан фойдаланишга тўсқинлик қила олмайди.

Олий суд, шунингдек, жараён иштирокчиси бўлмаган шахсларнинг, шу жумладан оммавий ахборот воситалари вакилларининг очиқ суд мажлисига киришини чекловчи ёки истисно қилувчи шарт-шароитлар яратиш тақиқланишига аниқлик киритди. Бу процессуал қонунчиликни бузиш ҳисобланади ва қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Олий суд ушбу ҳаракатларни ҳуқуқбузарлик деб тан олишига қарамай, қонунда суд биносига киришни ноқонуний рад этганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган.

Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги “Суд муҳокамасининг очиқлигини ва судлар фаолияти ҳақида ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги № 04-сонли қарори судьялар учун суд фаолияти ҳақидаги маълумотлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш бўйича йўриқномалар ва тавсиялар билан тўлдирилиши керак;

– суд биносида, хусусан, фуқаролар кутиш жойларида, мажлис ўтказилмайдиган суд залларида фото ва видео тасвирга олиш олдиндан рухсат олишни талаб қилмаслигини тушунтириш зарур;

– томонларнинг фикри суд мажлисини фото ва видеога олишдан бош тортиш учун ягона асос бўла олмайди. Масалан, судья шахсларни ва жараён иштирокчиларининг кўрсатмаларини фото ва видеотасвирга олиш бўйича чекловлар ўрнатиши, лекин судьяни ва умуман мажлисни тасвирга олишга рухсат бериши мумкин;

– айбсизлик презумпцияси принципи суд мажлиси тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланишни чеклаш учун асос бўла олмайди, чунки у фақат суд ва жараён иштирокчилари учун мажбурий бўлган процессуал ҳуқуқларга эга процессуал принцип ҳисобланади;

– журналистларга суд мажлисларида қатнашиш учун аккредитация ёки олдиндан рухсат олиш шарт эмаслигини тушунтириш лозим;

– ишни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқиш тўғрисида асослантирилган ҳал қилув қарори чиқарилгунга қадар судья фуқароларни ва журналистларни четлатишни талаб қилишга ҳақли эмаслигини тушунтириш керак;

– тергов сири фақат дастлабки тергов даврида ҳимоя қилинишини ва ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш учун асос бўла олмаслигини тушунтириш лозим.

Суд органларига маълумот сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқи қандай амалга оширилади?

Судлар “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунга мувофиқ фуқаролар ва журналистларнинг ахборот сўровларига жавоб беришга мажбурдир.

Сўровлар оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда топширилиши мумкин. Суд фаолияти тўғрисидаги маълумотлар оғзаки сўралади, бу махсус текшириш ва қидиришни талаб қилмайди. Масалан, бу суд мажлисининг вақти ва жойи, ишни кўриб чиқиш босқичи ва натижаси, ишни юрисдикцияга ўтказиш тўғрисида бўлиши мумкин.

Ахборот сўровига жавоб бериш муддатлари қуйидагилардан иборат:

– фуқаролар ва юридик шахсларнинг сўрови – ўн беш кун;

– рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситаларининг сўрови – етти кун.

Олий суднинг тушунтиришларига кўра, суд сўралган маълумотнинг бир қисми чекланган фойдаланувдаги ахборот эканига ишора қилган ҳолда уни тақдим этишни рад этишга ҳақли эмас. Бундай ҳолда, маълумотларнинг омма учун очиқ қисми тақдим этилади.

Пленум қарорида чекланган фойдаланувдаги маълумотлар, хусусан, қуйидагиларни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олиши тушунтирилади:

– давлат сирлари («Давлат сирларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 3, 5-моддалари);

– қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа сир (масалан, фарзандликка олиш сири (Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 153-моддаси));

– шифокорлик сир («Фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддаси бешинчи қисми, «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддаси) ;

– фойдаланиш ҳуқуқи қонун билан чекланган бошқа маълумотлар.

Судлар фаолияти тўғрисидаги маълумотлар ҳамма учун очиқ ҳисобланади. Бу ерда ҳеч қандай истисно бўлиши мумкин эмас. Махфий маълумотлар суд фаолиятига тааллуқли эмас, балки конкрет фуқароларнинг сири (фарзандликка олиш сири), касб сири (шифокорлик сир, адвокат сири, нотариал ҳаракатлар сири) ёки давлат сири ҳисобланади.

Суд-ҳуқуқ тизимида ахборотдан фойдаланиш механизмларини бир хил тушуниш ва қўлланишини таъминлаш мақсадида Олий суд Пленумининг қарорини судлар фаолиятига тааллуқли суд маълумотларининг рўйхати ва намуналари билан тўлдириш зарур.

Интернет тармоғида суд маълумотларидан фойдаланиш қандай таъминланади?

Судлар фаолияти тўғрисида Интернет тармоғида мажбурий жойлаштирилиши шарт бўлган маълумотлар “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши керак.

Суд-ҳуқуқ тизими ва судлар фаолияти тўғрисидаги очиқ маълумотлар my.sud.uz ягона порталида жойлаштирилади.

Судлар жадвали ишларнинг тоифалари ва конкрет суд кесимида тақдим этилади:

Суд амалиёти, суд қарорлари фуқароларнинг чекланмаган доирасига тарқатилиши керак бўлган ҳуқуқий маълумотлар рўйхатига киритилган.

Кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар Олий суд томонидан таҳлил қилинади ва умумлаштирилади. Суд амалиёти шарҳлари 2018 йилдан бошлаб тақдим этиладиган ягона интерактив порталда мавжуд.

Шарҳлар WORD ёки PDF форматида низолар тоифалари бўйича ажратилмаган ҳолда чоп этилади:

Суд қарорлари жараён иштирокчиларининг шахсий маълумотларини шахссизлантирган ҳолда ёки уларнинг розилиги билан эълон қилинади:

Ишлар тоифаси Қарорнинг эълон қилиниши Қарорнинг чоп этилиши Истиснолар
Иқтисодий иш  

 

 

 

 

Оммавий

 

 

 

Томонларнинг розилиги билан ёки шахссизлантирган ҳолда тўлиқ матн

 

 

 

Давлат сири ёки қонун томонидан муҳофаза қилинадиган бошқа сирни ташкил қилувчи маълумотлар

Фуқаролик иши
Жиноят иши/Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш
Маъмурий иш (Давлат ҳокимияти органлари ва мансабдор шахсларнинг ҳаракати/ҳаракатсизлиги бўйича шикоят қилиш) Чоп этиш мажбурий

Эълон қилинган суд қарорлари my.sud.uz порталига жойлаштирилади

Суд қарорлари ва суд амалиётининг хулосалари WORD ва PDF форматларида чоп этилади. Бу Суд маълумотлар базасидан фойдаланишни чеклайдиган машинада ўқиладиган формат эмас. Суд қарорлари базаси яратилган деб айтиш қийин, чунки амалдаги форматда ҳар бир суд қарорини юклаб олиш ва ўрганиш керак. Кейинги рақамлаштириш низолар турлари, ишларнинг тоифалари ва калит сўзлар бўйича қидирув имкониятларига эга, машинада ўқиладиган форматда суд қарорлари ва суд амалиётини умумлашмалари маълумотлар базасини шакллантириш учун асос бўлиши керак.

Қонун ҳужжатлари суд ахборотини алоҳида турдаги ахборот сифатида ажратиб кўрсатиши лозим, бундай ахборот қуйидагиларга бўлинади:

– суд маълумотлари ва судлар фаолияти суд корпуси

– суд ишларини кўриб чиқиш тўғрисидаги суд маълумотлари.

Судлар фаолияти, суд ҳокимиятини шакллантириш, судларнинг моддий-техник ҳолати ва таъминоти тўғрисидаги маълумотлар, судлар фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотлар, судлар бюджети ва молияси тўғрисидаги ҳисоботлар, судларни тайинлаш ва ўтказиш, судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги маълумотлар ҳамма учун очиқ бўлиши керак.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, махфий маълумотларни ҳимоя қилиш мақсадида суд ишларини кўриб чиқиш тўғрисидаги маълумотларга нисбатан чекланган истиснолар бўлиши мумкин.

Айнан шу жамоатчилик фикрини шакллантириш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва суд-ҳуқуқ журналистикасини ривожлантиришда суд ахборотларининг очиқлиги ва улардан фойдаланиш имконияти жуда муҳим.

Жамоатчилик фикри суд тизимига бўлган ишонч даражаси ва очиқ манбалардан ишончли маълумотларни олиш имкониятига асосланади. Судлар фаолияти тўғрисида холис фикр ва қарашларни шакллантириш ахборотдан тўлиқ фойдаланиш шарти билангина имконли.

Мадина Турсунова,

рақамли ҳуқуқлар ва медиа бўйича ҳуқуқшунос

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.