“Вояга етмаганлар тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиш бўйича алоҳида қоидаларни киритишни кўриб чиқиш керак” – ҳуқуқшунос Мадина Турсунова

Источник: daryo.uz

Интернетда номаълум аёл болаларга раҳмсизларча муносабатда бўлаётгани акс этган видео тарқалди. Ўзбекистон ИИВ бу маълумотга изоҳ берди.

Маълум қилинишича, 29-март куни туман ИИБга Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида яшовчи фуқаро А.А. турмуш ўртоғи Х.Ф.га нисбатан чора кўришни сўраб ариза билан мурожаат қилган. Аризада ёзилича, хотини ўрталаридаги келишмовчиликлар туфайли ғазабини вояга етмаган қизларига сочаётган экан.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода фуқаро Х.Ф. 2017 ва 2019-йилларда туғилган икки қизини урган ва  ҳақоратлагани акс этади.

Ҳозирда аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси (Вояга етмаган ва, айбдорга маълум, ночор ҳолатда бўлган шахсга нисбатан қийноқлар)  2-қисми “а,в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчига нисбатан эҳтиёт чораси масаласи ҳал қилинмоқда.

Шов-шувли хабар тарқалгач, маҳаллий оммавий ахборот воситаларида вояга етмаган болалар ва уларнинг яқин қариндошларининг юзлари акс эттирилган хабарлар чоп этилди.

– Ўзига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилган вояга етмаганларнинг суратларини тарқатиш боланинг дахлсизлик ва шахсий ҳаётга бўлган ҳуқуқини бузади, – дейди Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази юридик клиникаси ҳуқуқшуноси Мадина Турсунова.

“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасида ҳар бир бола шахсий дахлсизлик,  шахсий ҳаётига ғайриқонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги кафолатланган.

Бу шуни англатадики, болалар муаммоларини ёритишда, бекорчи жамоат манфаатларини кўзлаб, вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини хавф остига қўйиш қатъиян ман этилади. Бундан ташқари, болалар иштирок этадиган вазиятларни ёритишда, биринчи навбатда, вояга етмаганларнинг манфаатларидан келиб чиқиш керак.

Ота-оналар ёки уларнинг васийлари болаларнинг тасвирлари ва маълумотларини нашр этишга рози бўлишса ҳам, журналистлар доимо юқори ахлоқий меъёрларга риоя қилишлари ва юзага келиши мумкин бўлган нохуш оқибатлар ҳақида огоҳлантиришлари керак.

БМТнинг минимал стандартларига кўра, ноқонуний хатти-ҳаракатлар қурбони бўлган ёки уларни содир этганликда гумон қилинаётган вояга етмаган шахснинг шахсини аниқлайдиган маълумотларни нашр этишга йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, нашрларда, пресс-релизларда ва бошқа оммавий хабарларда вояга етмаганларнинг шахсий маълумотларини (исми-шарифи, яшаш жойи, соғлиғи ва ҳ.к.) тарқатишга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилади. Шунга қарамай, уларни ноқонуний тарқатиш бўйича шов-шувли ҳолатлар кўпайиб бормоқда.

Афсуски, оммавий ахборот воситалари ва журналистлар вояга етмаганлар билан боғлиқ муаммо ва вазиятларни ёритишда кўпинча ахлоқий меъёрларга эътибор бермай, боланинг ўзини ва унинг шахсий ҳаётини ошкораликнинг нохуш оқибатларидан ҳимоя қилиш биринчи ўринда туриши кераклигини англамайдилар.

Бир қатор мамлакатларда оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида вояга етмаганлар ҳақидаги маълумотларни чоп этиш қоидаларини белгиловчи махсус қоидалар мавжуд. Ўзбекистонда алоҳида нормалар йўқ, лекин шунга қарамай, бола ҳуқуқлари доимо устувор бўлиши керак, чунки буни қонун талаб қилади.

Менимча, вояга етмаганлар ҳақидаги маълумотларни эълон қилиш бўйича алоҳида қоидаларни киритиш масаласини кўриб чиқиш керак. Масалан, фуқароларнинг шахсий номулкий ҳуқуқларини бузмаслик мажбурияти ОАВ тўғрисидаги қонунда ҳам бор. Аммо вояга етмаганларга нисбатан, амалиёт шуни кўрсатадики, болалар муаммоларини ёритишда журналистлар ҳамжамиятини юқори стандартлар ва онгли ёндашувни шакллантиришга ундайдиган аниқ норма ва қоидаларни жорий этиш зарур”, — дея хулоса қилади ҳуқуқшунос.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.