Журналистларнинг тилхатлари ва айбсизлик презумпцияси

Источник: unsplash.com

Ҳуқуқшунос Мадина Турсунова Тошкент судлари журналистлардан ҳукм чиқарилгунга қадар суд жараёнларини ёритмаслик мажбурияти олинган тилхат талаб қилаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Конституциямизнинг 26-моддасида “Жиноятда айбланаётган ҳар бир шахснинг айби очиқ суд муҳокамаси йўли билан қонуний тартибда аниқланмагунча, айбсиз деб ҳисобланади ва унга ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар яратилади” деб кафолатланган.

Конституция айбсизлик презумпциясини, очиқ суд жараёнини кафолатлайди. Айбсизлик презумпцияси суд муҳокамасининг ошкоралигини чеклаш ёки истисно қилиш учун асос бўла олмайди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида ушбу тамойилга кенгроқ таъриф берилган:

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи жиноят содир этишда айби қонунда белгиланган тартибда исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз ҳисобланади.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас.

Айбдорлик тўғрисидаги барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи фойдасига ҳал қилиниши керак. Шунингдек, қонунни қўллашдан келиб чиқадиган шубҳалар гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи фойдасига ҳал қилиниши керак.

Айбланувчи – ўзига нисбатан белгиланган тартибда уни айбланувчи сифатида ишда иштирок этиш тўғрисида қарор қабул қилинган шахс. Судда айбланувчи судланувчи ва ҳукм эълон қилингандан кейин эса судланган ёки оқланган деб аталади.

Айбсизлик презумпцияси шахсга нисбатан уни айбланувчи сифатида жалб қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб ва суд муҳокамаси давомида жиноят содир этишда айбдорлик ёки айбсизлик масаласи ҳал этилгунга қадар амал қилади.

Аммо истиснолар мавжуд, масалан, жабрланувчи суд мажлисида айбланувчи ва судланувчининг айбли эканлигини даъво қилиш ҳуқуқига эга. Давлат айбловчиси ҳам судланувчининг айбини эълон қилади, чунки бу “айблов” нинг ўзи томонидан талаб қилинади.

Айбсизлик презумпцияси, жиноят процессининг принципи жараён иштирокчилари, энг аввало, суд учун мажбурийдир.

Олий суд Пленуми қарорининг 6-бандида тўғридан-тўғри “Суд муҳокамасининг очиқлиги суд мажлисида жараён иштирокчиси бўлмаган шахсларга, шу жумладан оммавий ахборот воситалари вакилларига ҳозир бўлиш имкониятини бериш орқали таъминланади”.

Оммавий ахборот воситалари ва журналистлар жараённинг иштирокчиси ҳисобланмайди ва процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга эмас. Бинобарин, оммавий ахборот воситалари ва журналистлардан айбсизлик презумпцияси тамойилига риоя қилишни талаб қилиш учун қонуний асослар мавжуд эмас.

Қонун ҳужжатларида, ўз навбатида, суд жараёнларини ёритишда оммавий ахборот воситалари ва журналистлар фаолиятига қўйиладиган норма ва талаблар:

Демак, Олий суд Пленумининг “Суд муҳокамасининг очиқлигини ва судлар фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, оммавий ахборот воситалари фақат “натижаларни олдиндан тахмин қилишга ёки муайян иш бўйича суд муҳокамаси ёки судга бошқача тарзда таъсир кўрсатишга (босим ўтказиш) ҳақли эмас” ва “судья эса суд қарори қонуний кучга кирмаган иш бўйича интервью беришга ёки оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилишга ҳақли эмас”.

Худди шундай талаблар “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасида ҳам Прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз суриштирув ёки дастлабки тергов материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади”.

“Ҳукм чиқарилгунга қадар суд жараёнини ёритмаслик” қоидаси йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Бу эса суд жараёнининг очиқлиги ва ошкоралиги тамойилига зиддир. У ҳолда, суд жараёнида ОАВ ва журналистларнинг иштирок этишидан нима маъно бор?

Пленум қарорида, шунингдек, иш бўйича маълумот олиш учун очиқ суд мажлисида оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштирок этиши маълумот олишнинг қонуний усули эканлиги, уларнинг суд залига киришида тўсиқлар яратишга қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган асосларда йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасида жиноят ишларини судларда очиқ кўриб чиқиш тамойилини чекловчи қўшимча талабларни киритиш тақиқланади, қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Шундай қилиб, қонунчиликда журналистлар ва оммавий ахборот воситаларидан тилхат олиш шарти йўқ ва бу талаб Жиноят-процессуал кодексининг суд муҳокамасининг очиқлиги ва ошкоралиги тамойиллари тўғрисидаги 19-моддасининг бевосита бузилиши ҳисобланади.

Оммавий ахборот воситалари ва журналистларни суд залидан чиқариб юборишнинг ҳуқуқий асоси суд иши ёпиқ мажлисда ишни кўриб чиқиш тўғрисида асослантирилган ажрим чиқариш ҳисобланади.

Жиноят ишини ёпиқ суд мажлисида юритишга, агар Жиноят-процессуал кодекси 19-моддасининг биринчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлса, йўл қўйилади.

Олий суд Пленумининг “Суд муҳокамасининг очиқлигини ва судлар фаолияти тўғрисида маълумот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги қарорининг 14-бандига асосан, жиноят ишини кўриб чиқишда – тарафларнинг фикрини эшитгандан сўнг суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан очиқ суд мажлисини ўтказишда суратга олиш, видеоёзувга олиш, шунингдек оммавий ахборот воситаларида кўрсатишга йўл қўйилади.

Бундан ташқари, суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар хўжалик иши ва маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишни кўриб чиқиш чоғида ҳар қандай иш юзасидан ёзма қайдларни, баённомани, шунингдек, аудиоёзувни эркин ёзиб олишлари мумкин.

Суд оммавий ахборот воситалари вакилларини суд мажлиси баённомасида қайд қилинган, тарқатилаётган ахборотнинг тўғрилиги, ҳаққонийлиги, холислиги ва ишончлилиги учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантиради. Фотосуратга олиш, видеоёзувга олиш ёки эфирга узатиш тўғрисидаги талабни қондириш рад этилган тақдирда эса у суд мажлиси баённомасига киритган ҳолда асослантирилган ажрим чиқариши шарт.

Суднинг ваколатларига оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг кейинги ахборот фаолиятини назорат қилиш кирмайди – бунинг учун ваколатли давлат органлари, шунингдек, шахснинг шаъни ва қадр-қимматига зарар етказилган ҳолларда фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари мавжуд. Ёлғон маълумот тарқатилган тақдирда жабрланувчи муаллифларни “туҳмат”, “ҳақорат” моддалари бўйича жавобгарликка тортиши ва маънавий зарарни қоплашни талаб қилиши мумкин.

Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларидаги хабарлар жиноят иши қўзғатилиши учун асослардан биридир. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 327-моддасига кўра: Алоҳида жиноятлар тўғрисида матбуотда, радио ва телевидениеда, ҳужжатли фильмларда, шунингдек, оммавий ахборот воситаларига йўлланган эълон қилинмаган ёзишмаларда берилган хабарлар жиноят ишини қўзғатишга сабаб бўлади.”

Жиноят-процессуал кодекси оммавий ахборот воситаларига жиноятлар тўғрисидаги хабарларни эълон қилиш ҳуқуқини беради, бу эса жиноятчилар тўғрисидаги маълумотларни эълон қилишни ҳам назарда тутади. Оммавий ахборот воситаларида жиноятлар ҳақидаги хабарлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мажбурий текширилиши шарт.

Бинобарин, оммавий ахборот воситалари хабарларига айбсизлик презумпцияси принципини қўллаш оммавий ахборот воситаларини жиноятлар тўғрисидаги хабарларни эълон қилиш, бунда эса очиқ суд жараёнини ёритиш ҳуқуқини хавф остига қўяди ва самарали равишда маҳрум қилади.

Суднинг аниқ суд муҳокамаси доирасидаги вазифаси ва бевосита вазифаси жиноят содир этган ҳар бир шахс адолатли жазога тортилиши,  бирорта ҳам бегуноҳ шахс жиноий жавобгарликка тортилмаслиги ва судланмаслиги жиноят ишининг қонуний, ошкора, очиқ, холис кўриб чиқилишини ва қонуннинг тўғри қўлланилишини таъминлашдан иборат, аксинча, оммавий ахборот воситаларидаги хабарларда қонун бузилишининг олдини олиш эмас.

Пировардида, суд мажлисини холис ёритиш ва ишончли ахборотни тарқатиш оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг касбий бурчи бўлиб, унинг бузилиши учун суд мажлисида раислик қилувчи судья эмас, балки фақат ўзлари жавобгар бўлишади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.