Атроф-муҳит муҳофазасига барча масъул

Атроф-муҳит муҳофазасига барча масъул

Жиззах туманидаги Жиззах маиший хизмат касб-ҳунар коллежида вилоят  табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ва Экоҳаракат вилоят ҳудудий бўлими билан ҳамкорликда “Атроф-муҳитни муҳофаза қилишга барча масъул” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда қўмита ходимлари, Экоҳаракат фаоллари, коллежнинг ўқитувчи мураббийлари, ўқувчи талабалар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди. Дастлаб вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси мутахассиси Комилжон Қаршибоев атмосфера ҳавоси таркиби ва уни ифлослантирувчи ҳолатлар тўғрисида гапириб ўтиб, унинг таркиби 78% азот, 21% кислород, 0,9% аргон, 0,03 % карбонат ангидрид ва жуда кам миқдорда учрайдиган газлардан иборатлиги ва бу таркиб барча мавжудотлар учун муҳим аҳамиятга эгалиги, сўнгги йилларда антропоген таъсирларнинг кучайиши натижасида газ балансининг ўзгариши кузатилиши, атмосферадаги газлар доимий миқдорининг ўзгариши сайёрамиз учун салбий оқибатларга олиб келиши тўғрисида маълумот бериб ўтди.

Бундан ташқари, шаҳарлар ва саноатлашган марказларда ҳавонинг қишлоқларга нисбатан 5-10 марта кўп ифлосланиши туфайли ўртача ҳарорат қишлоқларга нисбатан 2 0С га ошади. Маълумотларга қараганда, 100 МВт кучга эга бўлган иссиқлик электр станциялари йил давомида 3800 тн турли таркибли зарарли чиқиндиларни атмосферага чиқариб ташлайди. Шунингдек, 1 тн тошкўмир билан ишлаш жараёнида 83, 4 кг олтингугурт оксиди, 44, 1 кг азот оксиди, 374 кг чанг, 1, 1 кг ис гази, 0, 4 кг углеводородлар ва 0, 01 кг альдегидлар ажралиб чиқиши атмосфера ҳавосининг ифлосланишининг асосларидан эканлиги ҳақида ҳам таъкидлаб ўтилди.
 

Жиззах тумани табиатни муҳофаза қилиш бўлими инспектори Сардор Адилбоев вилоятимиз ҳамда шаҳар атмосфера ҳавосининг кечаги ва бугунги ҳолатлари тўғрисида маълумот бериб ўтди. Бунда барча ҳудудлардаги каби вилоятдаги  автотранспорт воситаларининг суюқ ёқилғидан газ ёқилғисига ўтказилиши, саноат ва ишлаб чиқаришда экологик назорат ишларининг тўғри йўлга қўйилаётганлиги атмосфера ҳавосида ифлослантирувчи моддаларнинг ўтган даврларга нисбатан камайганлигини эътироф этди. Сўнгра Жиззах шаҳар телевидениесининг экология соҳаси бўйича мухбири Умида Наврузова, Жиззах маиший хизмат касб-ҳунар коллежи маънавият-маърифат бўйича директор ўринбосари Элноза Темировалар сўзга чиқиб, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолатлар, табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига йўл қўймаслик, ҳозирги экологик муаммоларни ҳал этишда, табиатимизни борлигича асраб авайлашда ёшларимизнинг ўрни жуда катта эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
 

Тадбир сўнгида иштирокчилар ва талаба ёшлар томонидан маърузалар юзасидан берилган барча саволларга атрофлича жавоблар берилди.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.