Қирғизистон ўзбек гази етказиб берилиши масаласини ҳал этишда “Газпром”дан ёрдам сўради

Қирғизистон ўзбек гази етказиб берилиши масаласини ҳал этишда “Газпром”дан ёрдам  сўради

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Ўзбекистондан газ етказиб берилиши билан боғлиқ вазиятни ҳал этишда Россиянинг “Газпром” компаниясидан ёрдам сўради.
 
«Мен ”Газпром”дан газ танглигидан чиқиш йўлини топишни сўрадим. Россия компанияси мамлакат жанубига Қозоғистоннинг Талас вилояти орқали газ қувурини ўтказишни режалаштиряпти» – деб ёзади “Вечерний Бишкек” нашри Атамбаевнинг сўзларидан иқтибос келтирган ҳолда.

«Ўзбекистон Қирғизистондан Чон-Олой водийси орқали ўтадиган “Туркманистон – Қирғизистон – Хитой” газ қувурига уланмасликни талаб қилмоқда. Бироқ биз бу шартни қабул қила олмаймиз», – дейди Қирғизистон президенти.
 
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 14 апрель куни Қирғизистон жанубига газ етказиб бериш ишларини тўхтатиб қўйди. Бундан сал олдинроқ “Газпром” Қирғизистоннинг бутун газ-транспорт тизимини 1 АҚШ долларига сотиб олганди.

«”Қирғизгаз” ва “ЎзТрансГаз” орасида тузилган битимда, агар компания соҳиби ўзгарса, унда Ўзбекистон томони ҳудудга ёқилғи етказиб беришни тўхтатиши ҳақида белгиланган. Биз Ўзбекистонни “Қирғизгаз” “Газпром”га сотилгани ҳақида огоҳлантирмагандик, шу боис 14 апрель соат 00.00 дан бошлаб газ етказиб бериш ишлари тўхтатилди», – дейди Қирғизистон томонининг вакили. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.