Ёшлар “репродуктив саломатлик” нималигини яхши билмайди

Ёшлар “репродуктив саломатлик” нималигини яхши билмайди

Болаларни ҳимоя қилиш кунида ўз тадқиқотларининг оптимистик натижалари билан таниқли бўлган “Ижтимоий фикр” Жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази яна бир бор бизни хурсанд қилди. Бу сафар марказ томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари турмуш қурган ўзбекистонликлар асосан учта фарзандли бўлишни, тўнғич фарзанд туғилиши учун эса 22 ёш энг мақбул ёш эканини кўрсатган.    

Шунингдек Жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг экспертлари Ўзбекистон фуқаролари “репродуктив саломатлик” ва “репродуктив ҳуқуқ” тушунчалари ҳақида нима деб ўйлаши, уларнинг оилани режалаштиришга бўлган муносабати ва нечта фарзанд кўришни истаётгани билан қизиқиб кўрган.

Тадқиқот натижаларига кўра, фарзандлар оиланинг энг олий қадрияти бўлиб қолмоқда. Бу нуқтаи назарни ўзбекистонликларнинг 77,8 фоизи қўллаб-қувватлаган. Шу билан бирга кўп болали оилалар сони камаяётгани, бироқ ҳар еттинчи оилада тўртта фарзанд, ҳар ўнинчи оилада – бешта ва ундан ортиқ бола борлиги қайд этилади. Ўтган йили республикада жами 726,8 минг нафар бола дунёга келган.

Шунга қарамасдан, 30 ёшгача бўлган ёшлар орасида иккита фарзандли бўлиш маъқул деган фикр оммабоп. 30 ёшдан катта оилалар эса болалар учта бўлиши керак деган фикрда. Шаҳарликларнинг 24,3 фоизи икки фарзандли бўлишни, 32,2 фоизи учта фарзандли бўлишни, 31 фоизи тўртта фарзандли бўлишни истайди. Қишлоқ аҳолиси орасида ушбу кўрсаткич шунга мос равишда 23,5 фоизни, 37,8 фоизни ва 23,3 фоизни ташкил этган.

Аёл неччи ёшда биринчи фарзандини туғиши керак, деган саволга турлича фикр билдирилган. Сўровда қатнашганларнинг унча катта бўлмаган қисми 18-19 ёшни кўрсатган бўлса-да, умуман олганда ўзбекистонликлар сал кечроқ муддат тарафдори эканлиги маълум бўлди. Хусусан, иштирокчиларнинг 25 фоизи 20-25 ва 23-25 ёшни, фуқароларнинг қарийб учдан бир қисми эса 22 ёшни кўрсатган. Статистика маълумотларига кўра, Ўзбекистонда биринчи марта туғаётган аёллар сони барқарор ошиб бормоқда.

Туғруқлар орасида камида уч йиллик танаффусга амал қилиш зарурати ҳақидаги савол қизиқарли натижаларни берган. Маълум бўлишича, ушбу нуқтаи назарни мамлакат фуқароларининг ярми қўллаб-қувватлар экан. Бироқ бу борада турли ҳудудлар аҳолисининг фикри фарқ қилиши ҳам аниқ бўлди. Сўров натижаларига кўра, аёлларнинг репродуктив саломатлиги ҳақида Андижон (72,3 фоиз), Бухоро (71,2 фоиз) ва Самарқанд (66,9 фоиз) вилоятларида кўпроқ қайғуришар экан.

Қашқадарё вилоятида туғруқлар орасида танаффус бўлиш заруратини аҳолининг фақат 39,2 фоизи тушуниши маълум бўлди. Бу рақам пойтахтда ундан ҳам паст: юқоридаги саволга тошкентликларнинг фақат 36 фоизи ижобий жавоб берган.

Шунингдек социологлар “репродуктив саломатлик” атамаси (одамларнинг соғлом фарзандларни дунёга келтириш қобилиятини, хавфсиз ҳомиладорлик кафолатини, боланинг оомн қилиши ва соғлиғини, онанинг соғ-саломатлигини, кейинги ҳомиладорликни режалаштириш, шу жумладан керак бўлмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш имкониятини ифодаловчи тўлиқ жисмоний, руҳий ва ижтимоий саломалик) билан ўзбекистонликларнинг неччи фоизи таниш эканини аниқлашга ҳам ҳаракат қилди.

Натижалар ушбу тушунча сўров иштирокчиларининг фақат 36,5 фоизига маълумлигини кўрсатди, бу ўтган йилга қараганда сезиларли даражада кам. Айниқса ушбу кўрсаткич 18-19 ёшли йигит-қизларда пастлиги аниқланди.

Марказ томонидан аҳолининг репродуктив ҳуқуқ, яъни эркаклар ва аёлларнинг ўз хоҳишига кўра туғилишни тартибга солишнинг хавфсиз, самарали, қиммат бўлмаган усуллари ҳақида маълумот олиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқи ҳақида хабардорлиги ҳам ўрганилди. Бу асосан фарзандли бўлиш ёки бўлмаслик ҳуқуқи бўлиб, респондентларнинг 51,6 фоизи репродуктив ҳуқуқни болалар туғилишини режалаштириш ҳуқуқи сифатида, учдан бир қисми эса тегишли тиббий хизматга эга бўлиш ва болалар туғилишини режалаштириш ҳуқуқи сифатида ифодалаган.

Социологларнинг қайд этишича, кераксиз ҳомиладорликдан сақланишни маъқулловчи кишилар сони ўсиб бормоқда. Бунда иштирокчиларнинг 48,7 фоизи ҳомиладорликни сунъий тўхтатишга қарши фикр билдирган.

Манба: Спутник

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.