Тошкент ва Душанбе Чегара тўғрисида баённомани имзолади

Тошкент ва Душанбе Чегара тўғрисида баённомани имзолади

Тошкент ва Душанбе Ўзбекистонда янги президент – Шавкат Мирзиёев сайланганидан кейин бошланган ўзаро яқинлашув жараёнини давом эттирмоқда. Хусусан, Ҳукуматлараро комиссия чегара чизиғининг қолган низоли участкаларда ўтиши тўғрисидаги баённомани имзолади.

Ушбу қадам қўшни мамлакатлар муносабатларидаги энг оғриқли нуқталардан бирини бартараф этиши керак. Бундан ташқари, бугун Ўзбекистон ОАВ янги халқаро ҳужжат – БМТнинг Орол денгизи бўйича конвенцияси тайёрланаётгани ҳақида хабар берди. Мазкур ҳужжат ҳам минтақадаги сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳақидаги ундан ҳам муҳимроқ масалани ҳал этиши керак.

30-31 май кунлари Душанбеда ҳудудий ва чегара масалаларини ҳал этиш бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлиси бўлиб ўтиб, унинг якунлари бўйича 1 июнь куни баённома имзоланди.

Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, учрашувда қолган участкаларда Тожикистон-Ўзбекистон чегара чизиқларининг ўтиши масалалари муҳокама қилинган.

Маҳаллий ОАВнинг маълумотларига кўра эса, 1300 км нинг фақат 60 км гина низоли бўлиб қолмоқда. «Билим карвони» нодавлат тадқиқот маркази директори Фарход Толиповнинг айтишича, ҳал этилмаган участкалар бўйича муаммонинг ўткирлиги 2000-йиллар боши билан солиштирганда ўз-ўзидан пасайган ва буни фақат юридик томондан расмийлаштириш ишлари қолган эди.

“Шу билан бирга Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара, вақти-вақти билан бирор воқеа юз берадиган Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегарага қараганда ҳар доим анча тинчроқ бўлган”, – дейди эксперт.  

Тожикистон Миллий сиёсатшунослар уюшмасининг раиси Абдуғани Мамадазимов, ўз навбатида, сўз Тожикистоннинг Спитамен ва Зафаробод туманлари ва Ўзбекистоннинг Бекобод тумани ўртасидаги чегара участкасини мувофиқлаштириш ҳақида бораётганига аниқлик киритди.

Иккала экспертнинг ҳам фикрича, чегарадаги низоли участкаларни мувофиқлаштириш тўғрисидаги баённоманинг имзоланишига Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар илиқлашгани фонида қараш зарур. Бу Ўзбекистонда ҳокимият тепасига Шавкат Мирзиёев келганидан кейин бошланди. Бундан олдин пойтахтлар ўртасида мунтазам авиапарвозларнинг тикланиши (1992 йилда тўхтатилган) икки мамлакатни яқинлаштириш йўлидаги муҳим қадамга айланганди. Бироқ шунга қарамасдан биринчи рейсни бошқа санага кўчиришга тўғри келди, ҳозир самолётлар сешанба ва шанба кунлари мунтазам парвозларни амалга оширмоқда.   

Айни дамда иккала мамлакат ҳукуматлари виза режимини эркинлаштириш масаласини муҳокама қиляпти. Аммо ҳозирнинг ўзидаёқ айрим яхши ўзгаришларни кузатиш мумкин.
21 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан биринчи учрашуви бўлиб ўтди. Икки мамлакат раҳбари биргаликда Ар-риёддаги Араб ва мусулмон мамлакатлари ҳамда АҚШ саммитида қатнашди.

Ҳозирча уларнинг музокаралари ҳақида бирор-бир тафсилот йўқ — ОАВда президентлар бирга диванда ўтирган сурат пайдо бўлган, холос. Мирзиёевнинг Раҳмон билан кейинги учрашуви 7-8 июнь кунлари Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида юз беради.

Шунда бўлса-да, Душанбе ва Тошкент ўртасидаги муносабатларни бузиб турган асосий муаммолардан бири ҳал этилмасдан қолмоқда. Бу сўнгги пайтларда яна фаоллашган Роғун ГЭСининг қурилишидир. Бу масалада келишувга эришишга айни пайтда Ўрта Осиё мамлакатларининг ҳукуматлари томонидан кўриб чиқилаётган Орол денгизи бўйича конвенция ёрдам бериши мумкин.

Ўзбекистон қуйи палатасининг спикери Борий Алихонов ушбу ҳужжат БМТ шафелиги остида ишлаб чиқилганини қайд этади. У сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биохилмахиллик масалаларини, шу жумладан Амударё ва Сирдарё кирадиган Орол денгизи бассейни экотизимини барқарорлаштириш билан боғлиқ масалаларни тартибга солади.

Эслатиб ўтамиз, Оролбўйига БМТ бош котиби Антониу Гуттериш ташриф буюриши режалаштирилган, дея хабар беради “Ъ”.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.