Электрон навбат “шапка”ларга чек қўядими?

Электрон навбат “шапка”ларга чек қўядими?

GM Uzbekistan компанияси электрон аризаларни рўйхатга олиш тизимини ишга туширди. У автомобилларни етказиб бериш навбатини реал вақт режимида кузатиш имконини беради, деб ёзади Sputnik мухбири.

Компаниянинг фикрича, янги электрон хизмат автомобиллар савдосининг шаффофлигини таъминлайди. Ариза мақомини GM Uzbekistan компаниясининг расмий сайтида кузатиш мумкин.

«Электрон аризаларни рўйхатга олиш учун расмий дилерлик автосалонларидан бирига мурожаат қилиш зарур. Автосалон ходимлари электрон аризани рўйхатга олишни рад этганида, қўшимча пул талаб қилганида ёки бошқа ноқонуний ҳаракатларни амалга оширганида зудлик билан +99871 147 14-14 ягона ишонч телефони рақамига қўнғироқ қилишни сўраймиз», — дейишмоқда компаниядагилар.
 
Автомобиль харид қилишда жисмоний шахслар учун электрон навбат пайдо бўлгани ҳақидаги гаплар икки йилдан ортиқ вақт мобайнида юрибди. Мана ниҳоят, бу юз берди. Сотувларнинг миллий валютага ўтказилиши бунга туртки бўлган кўринади, чунки бу ҳолда харидорлар томонидан талабнинг, демакки, дилерлар ҳам “шапка”да пул ишлаб олиши учун имкониятларнинг жиддий ошиши кутилмоқда.

Савдолар янги схемага ўтгунга қадар маҳаллий автосалонларда автомобилларни етказиб беришнинг қизиқарли схемаси ишларди. Сотиш бўйича шартномалар йилига бир неча марта бозорга “ташланарди”, бу бутун мамлакат бўйлаб улкан навбатларни келтириб чиқарарди. Табиийки, шартномалар саноқли кунлар ичида тугарди. Агар шу даврдан ташқари вақтда автомобиль харид қилишни истасангиз, айрим автосалонларнинг хизматга тайёр ходимлари “шапка”ни, яъни автомобиль қийматига қўшимча равишда турли йилларда 300 дан 1500 долларгача бўлган суммани тўлашни таклиф қилишарди.

Кейинчалик автомобилларга талаб тушиб кетганидан сўнг “шапка” бошқа ролни ўйнай бошлади. Энди уни автомобилни қисқа муддат ичида етказиб бериш учун ола бошлашди. Сиз оддий режимда нархи тўланган автомобилни ярим йил ёки бир йилдан кейин олишингиз мумкин, “шапка” билан эса бу тезроқ юз беради.

Талаб яна ошадими? Буни вақт кўрсатади, чунки ҳозир бўлғуси харидорлар маҳаллий ишлаб чиқарувчининг автомобиль нархларини 30 фоизга оширганидан шок ҳолатида.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.