Алишер Усмонов Ўзбекистондаги яна бир фан ва маданият объектини молиялаштирмоқчи

Алишер Усмонов Ўзбекистондаги яна бир фан ва маданият объектини молиялаштирмоқчи

Россиялик миллиардер Алишер Усмонов Тошкентдаги Ислом маданияти маркази қурилишига ўз маблағларини йўналтирмоқчи. Бу Усмонов томонидан молиялаштирилаётган Ўзбекистондаги иккинчи маданий объект ҳисобланади. Шу йил май ойининг охирида россиялик бизнесмен Бухородаги сайёҳлик зонаси қурилишининг инвесторларидан бири экани маълум бўлганди.

Ушбу қарор республика президентининг қарори билан ҳам тасдиқланди.

«Марказнинг маъмурий ва асосий биноларини қуриш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича ишлар бизнинг россиялик таниқли юртдошимиз, тадбиркор Алишер Усмоновнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши инобатга олинсин», — дейилади қарорда.
 
Ушбу ҳужжатга мувофиқ марказнинг асосий бинолари, шу жумладан кутубхона ва музей, “Ҳазрати Имом” мемориал мажмуи ҳудудида барпо этилади.
Қарорда қайд этилишича, ушбу марказ ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган Ўзбекистон олимлари ва мутафаккирларининг ноёб меросини илмий асосда чуқур ўрганиш билан шуғулланади.

Президент Мирзиёев ўтган ҳафтада дин масалалари бўйича анжуманда нутқ сўзлар экан, ислом динининг ҳақиқий гуманистик моҳияти ва мазмунини чуқур очиб бериш мақсадларида Тошкентда Ўзбекистон Ислом маданияти марказини барпо этиш бўйича ишлар бошланганини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил март ойида Ҳазрати Имом мажмуига ташриф буюриш қоидалари ўрнатилди. Уларга кўра, “Муйи Муборак” мадрасасига (муқаддас Қуръон музейи) кўпи билан 40 киши бўлиб кириш тавсия этилади, экскурсия вақти 20 дақиқани ташкил этади.

Шунингдек, мажмуа ҳудудида баланд овозда гапирмаслик ва баҳс-мунозарага киришмаслик тавсия этилади, музей ичида фотосуратга олиш тақиқланади. Музейга ташриф буюрган аёллар бошларига шарф ёки рўмол ташлаб олишлари керак. кийимлар ҳам ҳаддан ташқари калта, шаффоф ва очиқ бўлмаслиги лозим.

Манба: Спутник

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.