Қизларни фоҳишаликка сотган аёл 6 йилга қамалди

Қизларни фоҳишаликка сотган аёл 6 йилга қамалди

40 ёш остонасида турган Меҳриниса Маҳмедованинг айтишича, тирикчилик, яъни оила ташвиши билан танишлари ва қариндошларидан қарзга пул олиб, Туркия давлатига боришни, у ердан кийим-кечак олиб келиб сотишни мўлжаллайди. Четдан қараганда, бу ҳам тадбиркорликнинг бир тури ҳисобланади. Бунинг учун тегишли тартибда рўйхатдан ўтиш, патент олиш ва шунга ўхшаган жараёнлардан кейин бемалол фаолият юритиш мумкин. Буларни амалга ошириш учун эса озгина қунт билан бирга, тегишли қонун ва қоидаларга риоя қилинса кифоя.
 
Аммо у бундай йўл тутишни хоҳламайди. Ҳужжат йиғиш, рўйхатдан ўтиш каби ишлар унга қийин бўлиб туюлади, шекилли, даромад топишнинг осон усулига қўл уради. Ўзи бирор яхшироқ ерга ишга жойлашишга муҳтож бўлиб турган бир пайтда, бошқаларга иш топиб беришга қарор қилади. Назарида, бу усул анчайин осон эди. Биринчи галда чиройли, келишган, аммо турмушдан қийналган қизларни ахтаришга киришади. Ахир бундайлар мўмай даромад учун дунёнинг у четига боришга ҳам тайёр бўладилар-да!
 
Хуллас, ўтган йилнинг январь ойида танишлари орқали икки нафар қизни топгач, хорижда яхши иш борлиги ҳақида оғиз кўпиртиради-да, уларни Украина пойтахти орқали Туркиянинг Истамбул шаҳрига олиб бориб, “иш”га жойлаштириб қайтади.
 
Март ойининг ўрталарида М.Маҳмедова туман бозори ёнида таниш бир аёлни учратиб қолади. Салом-аликдан сўнг аёл хорижга кетиш истаги борлиги, шунингдек, бир таниш қиз ҳам шундай хоҳиш билан ўзига мурожаат қилганини айтиб, шу масалада ёрдам сўрайди. Ўзи шундайларни қи­ди­риб юрган М.Маҳмедова бундай илтимосга йўқ, дермиди?! Бажонидил ёрдам беришини айтиб, тезда ўша қиз билан учрашиш истагини билдиради. Кўп ўтмай улар учрашишади. М.Маҳмедова унга хориждаги шарт-шароитларни тушунтириб, йўлкира ҳа­қини ҳам ўзи тўлаши, бирга бориб, у ерга жойлаштиргач, дастлаб топган икки ойлик маошни ўзи олишини, шунингдек, агар иш қидираётган бирор таниш-билишлари бўлса, уларни ҳам олиб кетишини билдиради.
 
Орадан уч-тўрт кун ўтиб, унга қўнғироқ қилган қиз ишга бориш фикридан қайт­ганини билдириб, бир дугонаси жуда ҳам қийналгани, ижарада яшаётгани учун ҳар қандай таклифга рози бўлишини айтади ва унинг телефон рақамини беради. М.Маҳмедова вақтни ўтказмай номзодга телефон қилиб, учрашув белгилайди. Учрашганларида эса унга ҳам аввалги қизларга нима деган бўлса, шуларни айтиб, уни ўзи билан кетишга кўндиради ва унга самолёт чиптасини харид қилишади. Шу орада қиз унга телефон қилиб, ўзига шерик топганини айтиб, уни М.Маҳмедова билан таништиради. Эртасига бу қизга ҳам чипта сотиб олишади. Сўнгра бозорга олиб бориб, уларга турли кийим-кечаклар олишади, гўзаллик салонида эса пардоз-андоз ҳам қилдиради. Барча ишлар битгач, учовлон йўлга отланадилар. Бироқ, Тошкент аэропортида тезкор ходимлар уларни тўхтатиб қолишади.
 
Маълум бўлишича, куни кеча улар билан кетиш ниятини билдирган қиз хорижда уларни нималар кутаётганини кеч бўлмасдан англаб қолган ва тегишли органларга хабар қилган экан.

Шундай қилиб, юртдошларини хорижга “экспорт” қилишни ўзига касб қилиб олган яна бир кимсанинг қинғир фаолиятига чек қўйилди ва суд томонидан унга 6 (олти) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
 
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Huquq газетасининг материаллари бўйича 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.