Бу йилги Рамазон мавсумида 670 га яқин ўзбекистонлик Умра зиёратини амалга оширади

Бу йилги Рамазон мавсумида 670 га яқин ўзбекистонлик Умра зиёратини амалга оширади

Рамазон ойи давомида Ўзбекистондан 670 га яқин киши Саудия Арабистонида Умра зиёратини амалга оширади. Бу ҳақда 19-20 июнь кунлари Тошкент Ислом институтида “Умра-2014” Рамазон мавсумини намунали ташкил этиш бўйича йиғилишда сўз борди. 
 
Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари иштирок этган йиғилишда умра зиёратчиларига ҳар томонлама шарт-шароитлар яратиш борасида гуруҳлар раҳбарлари (эллик бошилар)га керакли кўрсатмалар берилди ва  улар умра зиёратчилари учун тайёрланган араб тили бўйича қўлланма ҳамда Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги тартиб-қоидалар  билан таништирилди.

Жорий йилда ўзбекистонлик зиёратчилар яшаши учун Мадина шаҳрида “Масжид ан-Набавий” билан ёнма-ён жойлашган “Нур Мавадда”, Макка шаҳрида эса Ҳарамдан 1500-2000 метр узоқликдаги “Нама Мавадда” меҳмонхоналари ижарага олинган.

Зиёратчиларга қулайликлар яратиш мақсадида меҳмонхоналарнинг ўзида ошхона ташкил этилади.  Шунингдек меҳмонхоналарда минишифохона фаолияти йўлга қўйилиб, зиёратчилар доимий равишда кундузги ва тунги кўриклардан ўтказиб турилади. Бундан ташқари, юртдошларимиз учун меҳмонхоналарда сунъий йўлдош орқали Ўзбекистон телевидениеси дастурларини томоша қилиш, ватанимизда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиш имконияти ҳам яратилади, дея таъкидланади Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитанинг матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Йиғилиш давомида зиёратчиларни Саудия Арабистонида кутиб олиш, кузатиш ва уларга қулай шароитлар яратиш ишлари Жиддадаги Бош консуллик таркибида жорий этилган “Ҳаж” ва “Умра” масалалари бўйича атташе билан ҳамкорликда ташкил этилиши ҳам айтиб ўтилди. Йиғилиш доирасида ташкил этилган ўқув семинари якунида эса гуруҳлар раҳбарлари тест синовларидан ўтказилди.

Қайд этиб ўтамиз, “Умра-2014” Рамазон мавсуми шу йилнинг 10 июлидан 30 июлга қадар давом этиб, ҳар бир гуруҳ Саудия Арабистонида 10 кун бўлади. Зиёратчиларга хизмат кўрсатиш учун Ўзбекистондан 4 нафар хизматчи, 27 нафар шифокор ва 4 нафар ошпаз таркибидаги ишчи гуруҳ ҳам жўнатилади.
 
Фотосурат: encyclopedian.com

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.