«Ўзбекэнерго» кунига ҳеч бўлмаса 2 маҳал чироқ берилишини илтимос қилган чимбойликларга жавоб қайтарди

«Ўзбекэнерго» кунига ҳеч бўлмаса 2 маҳал чироқ берилишини илтимос қилган чимбойликларга жавоб қайтарди

Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманидаги Кок-су овули фуқаролар йиғини аҳолиси кунига ҳеч бўлмаганда икки маҳал чироқ берилишини сўрамоқда. Бу ҳақда Kun.uz нашри «Даракчи» газетасига таянган ҳолда хабар беради.

«Бизлар Чимбой туманининг шимолий қисмида 650 хўжалик истиқомат қиламиз. Бизда электр энергияси таъминоти муаммо. Мамлакатимизда ислоҳотлар инсон учун хизмат қилиши белгиланган. Аммо бизнинг туман энергия тизими масъулларининг ҳаракатларини бундай баҳолаб бўлмайди», – дейилади газетага келган мурожаатда.

Маълум қилишларича, Чимбойда «имкон топилди дегунча электрни узиб қўйишади». «Бундай узилишлар сабаби билан қизиққанимизда, туманимиз масъули: «Нукусдан рухсат олмасдан, электр бера олмаймиз», – деди.

«Бизнинг ўтинчимиз: ҳеч бўлмаса тонгги соат 6:00дан 8:00 гача, кечқурун эса 18:00 дан 24:00 га қадар электр узилиши бўлмаса. Ахир қарздорлигимиз йўқ, ҳамма қарзини вақтида тўлайди», – дейилади мурожаатда.

«Даракчи»нинг маълум қилишича, ушбу мурожаат «Ўзбекэнерго» компаниясининг амалий кўмаги билан Хоразм ва Қорақалпоғистон ҳудудий электр тармоқлари томонидан ўрганиб чиқилган.

Ўрганиш давомида Иқтисодиёт вазирлиги томонидан вилоятлар кесимида 2014 йилда электр энергиясини етказиб бериш ишлари тасдиқланган режага кўра Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасига ҳам белгиланган миқдорда электр энергияси етказиб берилаётгани аниқланган.

Маълум бўлишича, электр энергияси муаммолари ва кунига ҳеч бўлмаса икки маҳал чироқ бериш ҳақидаги мурожаатни жўнатган Чимбой аҳолисининг фойдаланилган электр энергиясидан дебитор қарздорлиги 2014 йил 1 апрель ҳолатига кўра 17,7 миллион сўмни ташкил этади.

«Қарздор истеъмолчиларни тармоқдан ўчириш вақтида ХТ Қоидаларига риоя қилган ҳолда ҳаво электр узатиш тармоғида ўчириш ишлари амалга оширилган», – дейилади «Ўзбекэнерго» вакилининг жавоб хатида.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.