Адолат қарор топди!

Адолат  халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёти мезони, барча эзгуликлар манбаи бўлиб келганини барчамиз яхши биламиз. Соҳибқирон  Амир Темурнинг “Куч –адолатда!” деган  ҳикматли  шиори асрлардан –асрларга ўтиб,  муҳим даъват ва адолатга ундов сифатида яшаб келаётганлиги бежиз эмас, албатта. Қонун устувор бўлган жойда адолат қарор топиши ҳам оддий ҳақиқат!
        
Мамлакатимизда 2017- 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган. Ва бу борадаги амалий ишларни ижобий баҳолаш мумкинлигини ўз мисолимда айтишим мумин.
        
Ҳаёт бир текис йўлдан, фақат қувончлардан иборат эмаслигига йиллар давомида ўз ҳаётим мисолида  амин бўлдим.  Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги 23- умумий ўрта таълим мактабида   Навоий давлат кончилик институтини тугатганимдан буён яъни 1999 йилдан буён  биология фанидан  ёшларга сабоқ бериб келаман. Иккинчи тоифали ўқитувчиман. Давлат талаби билан 2007-2008 йилларда Самарқанд вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш институтида биология фани бўйича қайта тайёрловдан ўтиб, педагогик фаолиятимни давом эттириб келаётгандим. 2010 йилдан бошлаб  мактабнинг ўқув йишлари бўйича директор ўринбосари лавозимига тайинландим ва бу соҳада ҳам   малака оширдим. 2014 йилда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари сифатида  давлат аттестациясига жалб қилиниб, муваффақиятли ўтдим ва 2015 йилда  ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари сифатида амалга оширган ишларим  Пахтачи туманида кенг оммалаштирилди. 2016 йил 13 сентябрдан 2017 йилнинг 6 январига қадар Фарғона давлат университети ҳузуридаги Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш минтақавий маркази олийгоҳида педагогика йўналиши бўйича 4 ой ўқиб, диплом олиб қайтдим. Худди шу даврда Пахтачи тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими томонидан мени ҳеч қандай сабабсиз ва ҳуқуқий ҳужжатсиз ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимидан ва биология фани  ўқитувчиси вазифасидан  ишдан четлаштирганлигини эшитиб ҳайратда қолдим.  Мактаб  директори Наргиза Шариповага  қайта-қайта мурожаат қилишдан   бирор натижа чиқмагач,  фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судига  ҳақ-ҳуқуқимни тиклаб  беришини сўраб мурожаат қилишга мажбур бўлдим.
        
Одил суд   мурожаатимни атрофлича холисона кўриб чиқиб, адолат  қарор топди.   Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди раиси Т.Қурбанов раислигида, Пахтачи туман прокурорининг катта ёрдамчиси А. Пардаевнинг иштирокида кўриб чиқилган аризам ижобий ҳал этилди ва  Пахтачи тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига мени 2016 йил 28 августдан эътиборан  ўзим  салкам 20  йил меҳнат қилган мактабимга биология фани ўқитувчиси ва ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари вазифасига ишга тиклаш мажбурияти юклатилган  қарор қабул қилди.
        
Шунингдек,  бекор юрган даврим 2016 йил 28 августдан 2017 йил 8 июнь кунига қадар компенсация тўловлари тўлиқ ундириб берилиши таъминланди. Менинг ўрнимга  Пахтачи туман ХТМФМТТЭ бўлимининг 2016 йил 4 сентябрдаги С. Ҳидоятовага ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимига вақтинча ишлаб туришга рухсат бериш ҳақидаги буйруғи ғайриқонуний деб топилди.
        
Айни пайтда қадрдон мактабимга, узоқ йиллар бирга ишлаган  севимли жамоамга  қайтиб, ўз ишимни давом эттираётганлигимдан беҳад хурсандман.
       
Суднинг ҳал қилув қарорлари қонуний кучга кирди. Мен  адолат қарор топгани, бузилган ҳақ –ҳуқуқимни тиклаб берганлари учун одил судловни амалга оширган суд раисига,  инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устунлигини суд мажлисида исботлаб, ҳуқуқимни  тиклашда ёрдам берган туман  прокуратураси ходимига чексиз миннатдорчилик билдираман. 
                                                                
Гулчеҳра БОБОНАЗАРОВА,
Пахтачи туманидаги 23- умумий таълим
мактабининг ўқув ишлари бўйича

директор ўринбосари  
 ( Маруса  ҲОСИЛОВА тайёрлади)

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.