Томорқасида кўкнор етиштирган андижонлик 8 йилга озодликдан маҳрум этилди

Томорқасида кўкнор етиштирган андижонлик 8 йилга озодликдан маҳрум этилди

Андижон вилояти Шаҳрихон туман жиноий ишлар бўйича судининг қарори билан олдин бир неча бор судланган Рустам Сидиқов кўкнор етиштиргани учун 8 йилга озодликдан маҳрум этилди.

“Постда” газетаси берган хабарга кўра, Сидиқов ўз томорқасида наша тайёрлаш учун хомашё етиштириш билан шуғулланган. Ушбу жиноят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа идоралар томонидан ташкил этилган “Қорадори” амалиёти жараёнида аниқланди.

Амалиёт давомида Сидиқов 28 бута ҳинд кўкнорисини етиштиришга улгургани, 10 дона бута уй чордоғида қуритилаётгани маълум бўлди. Тинтув пайтида 1.4 кг истеъмолга тайёр наша сақланаётган яширин жойлар топилди. Қуритилмаган кўкнори буталарининг оғирлиги 10 кг дан ошди.  

Сидиқов озодликдан маҳрум бўлишдан ташқари, 20 ёшидан буён ушбу гиёҳванд модда турини истеъмол қилиб келаётгани боис гиёҳвандликдан мажбурий даволанишга ҳам ҳукм қилинди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.