Пойтахтда маиший чиқиндиларни тўплаш ва утилизация қилиш тизими модернизацияланмоқда

Пойтахтда маиший чиқиндиларни тўплаш ва утилизация қилиш тизими модернизацияланмоқда

Бу йил қаттиқ маиший чиқиндиларни самарали утилизация қилиш, кўчаларда тозаликни таъминлашни бир тизимга солиш имконини берувчи махсус техниканинг ишлашини мониторинг қиладиган янги тизим жорий этилди.   

Аҳоли сонининг кўпайиши ва турмуш фаровонлигининг ошиши билан маиший чиқиндилар ҳажми ҳам ортиб бормоқда – уларнинг кунлик ҳажми қарийб икки минг тоннани ташкил этмоқда. Шаҳарда аҳоли маиший маданияти даражасини ошириш ва барқарор санитария-эпидемиологик ҳолатни сақлаш мақсадида янги пунктлар ва модуллар қурилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 200 пункт ва 100 модул фойдаланишга топширилди. 

Автотранспорт корхоналари паркини янгилаш борасида ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу йил 74 та янги махсус машина – «MAN» русумли 22 та самосвал, «Isuzu» русумли 36 та автотранспорт ва бошқа техника воситалари харид қилинди. 

“Ушбу тизимнинг самарали фаолият юритаётгани санитария ва эпидемиология ҳолати барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда, – дейди “Махсустранс” ишлаб чиқариш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Исмоил Саъдуллаев. – Икки минг нафардан зиёд ходимимиз ҳар куни ушбу хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Улар маиший чиқиндиларни тўплаш ва утилизация қилиш тизимини модернизация қилиш, махсус техника воситалари ишини мониторинг қилишда фаол иштирок этмоқда”. 

Ҳар бир машина учун мақбул йўналиш ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг аксарияти GPS-мониторинг тизими орқали мунтазам текшириб борилмоқда. Шундай чора-тадбирларнинг амалга оширилиши самарасида “Махсустранс”га келиб тушаётган мурожаатлар сонини сезиларли камайтиришга эришилди. Жумладан, авваллари кунига олтмиштагача ариза келиб тушган бўлса, энди уларнинг сони ойига бир нечтани ташкил қилмоқда, деб ёзади ЎзА.

Фотосурат: publika.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.