Урганчда шу йил охиригача янги троллейбус йўналиши қурилади

Урганчда шу йил охиригача янги троллейбус йўналиши қурилади

Урганчда 2014 йил декабрига қадар янги троллейбус йўналиши қурилади, июль ойигача эса 10 та трансформатор подстанцияси таъмирдан чиқарилиши керак, дея хабар беради Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг Ахборот хизмати.

Ушбу тадбирларнинг муддати Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2014 йил 28 майда қабул қилинган «Минтақавий аҳамиятдаги паст рентабелли, зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш – йўл харитаси дастурларини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

Урганчда қуриладиган янги троллейбус линияси шаҳарни Хива билан боғловчи йўналишдан фарқли равишда, фақат Урганч ичида ҳаракатланади. 2013 йилда шаҳар троллейбус парки Чехияда ишлаб чиқарилган замонавий машиналар билан тўлдирилган эди, дея қайд этади агентликнинг Ахборот хизмати.

Урганчда янги троллейбус линиясини қуриш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 6 декабрдаги қарорида кўзда тутилган. 2010 йилда Тошкент шаҳри, Жиззах ва Наманган вилоятларида троллейбус йўналишлари ёпилганидан сўнг Урганчни Хива билан боғловчи троллейбус қатнови ҳозирда Ўзбекистонда ягона бўлиб турибди.

Фотосурат: transphoto.ru

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.