Ўзбекистон ва Германия террорчилик ва наркотрафикка қарши кураш бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Германия террорчилик ва наркотрафикка қарши кураш бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди

Ўзбекистон Республикаси ИИВга Германия Криминал полицияси федерал идораси президенти Йорг Цирке бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-майор А.Ахмедбаев қабул қилди, дея хабар беради идоранинг матбуот хизмати.

Ўзбекистон ва Германия ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён ижтимоий-сиёсий ва маданий соҳадаги икки томонлама муносабатлар йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Икки мамлакатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўйича ўзаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосини ташкил этувчи қатор ҳужжатлар мавжуд. Интерполнинг миллий бюролари ҳам яқин ҳамкорлик қилишмоқда. Халқаро қидирувни амалга ошириш, жиноятчиларнинг шахсини текшириш ва аниқлаш кабилар бу борадаги асосий йўналишлар ҳисобланади.

Суҳбат чоғида германиялик мутахассислар республикамиз ички ишлар органларининг асосий фаолият йўналишлари билан таништирилди. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, икки томонлама идоралараро ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Шунингдек, терроризм ва диний экстремизм, гиёҳвандлик воситаларининг ғайриқонуний айланишига қарши кураш соҳасидаги вазият ҳам тилга олиб ўтилди. Мазкур муаммо нафақат Ўзбекистонга ёки бизнинг минтақага, балки бутун дунёга дахлдор эканлиги эътироф этилди. Ушбу жабҳада Ўзбекистон ва Германия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг биргаликдаги фаолиятини янада кучайтириб, янги босқичга кўтариш зарурлиги таъкидланди. 

Учрашув иштирокчилари, шунингдек, Афғонистонда юзага келаётган вазият хусусида ҳам ўз фикрларини билдирдилар. Ушбу ҳудуддаги беқарорлик минтақавий хавфсизликка жиддий таҳдид солиши, халқаро терроризм, диний экстремизм ва қурол-яроғ савдосининг кучайишига, шунингдек динлараро ҳамда миллатлараро низоларнинг кескинлашувига омил бўлиши мумкинлиги айтилди. Минтақада вазиятни беқарорлаштиришга уринишлар трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашнинг илғор шакл ва усулларидан самарали фойдаланиб, таъсирчан амалий чоралар кўришни тақозо этаётгани қайд қилинди.

Йорг Цирке ўз навбатида самимий қабул учун миннатдорлик изҳор этиб, сўнгги йилларда қарор топган мамлакатларимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасида ўзаро ишончга асосланган мулоқотни давом эттиришдан ҳамда халқаро терроризм, диний экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлигини билдирди. Шунингдек, Афғонистондаги вазият хусусида тўхталиб, гиёҳфурушлар заҳри қотилни тарқатишнинг янги усул ва йўлларини излаб топишга уринишларидан хавотирда эканлигини айтди. 

У хизмат фаолиятининг бошқа йўналишлари бўйича ҳам ҳамкорлик қилишни таклиф этди. Самарали кечган учрашув чоғида мунтазам равишда мулоқотда бўлиб, ҳар икки томонни қизиқтирган масалалар бўйича ўзаро ахборот алмашиб туришга келишиб олинди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.