“GM Uzbekistan” автомобиллари Ўзбекистонга қараганда чет элда арзонроқ

“GM Uzbekistan” автомобиллари Ўзбекистонга қараганда чет элда арзонроқ

Белоруссияда “General Motors Uzbekistan” автомобиллари Ўзбекистонга қараганда арзонроқ сотилмоқда. Хусусан, “Matiz” автомобилининг нархи $6 800, “Nexia”ники эса $7 800 ни ташкил этади. TUT.by белорус портали тарқатган хабарга кўра, ушбу нархлар 2014 йилнинг 1-31 июль кунлари амалда бўладиган “Супернархлар” акцияси доирасида белгиланган. Бунда тўловлар ҳам белорус рублларида амалга оширилади.
 
Ўзбекистонда ушбу автомобиллар анча қиммат туради. Масалан, “Matiz” автомобили, агар миллий валютада тўланадиган бўлса, нархи 21 823 100 дан 22 795 720 сўмгача бўлади. Ўзбекистон МБнинг 11.07.2014 йилдаги курси бўйича долларга қайта ҳисобланганида бу шунга мос равишда  $9 405 ва $9 825 ни ташкил этади. “Nexia”нинг нархи миллий валютада – 31 307 500 дан 35 750 830 сўмгача, долларда – $13 493 ва $15 410.
 
Яъни “Matiz” автомобили ҳолатида нархлардаги фарқ деярли $3 000 ни ёки 30-40%ни такшил этади, “Nexia” ҳолатида эса умуман 2 баравар қимматга тушади. Бунда Ўзбекистонда яна навбатга туриш, автомобиль нархининг 85%ни тўлаш, кутиш ва фақат шундангина автомобилни олиш мумкин, баъзида ҳатто ранги учун ҳам қўшимча ҳақ тўлашга тўғри келади. Аксарият автомобиллар фақат АҚШ долларига сотилиши, харид шартномаси эса ҳамма вақт ҳам бўлавермаслиги ҳақида эса гапирмасаям бўлади.   
 
Белоруссиядаги сотувлар билан шуғулланувчи “UzDaewoo” автосалони сайтида улар “GM Uzbekistan”нинг расмий дилери экани кўрсатилган. Яъни ўзимизда чиқариладиган ўзимизнинг автомобилларимиз чет элда 2 баравар арзонга сотиляпти. Ўзбекистонда эса янги автомобиль сотиб олишга ҳаракат қилган одам кўплаб қийинчиликларга дуч келади. Шу боис минилган автомобилларни сотиб олишни афзал кўради. Бироқ минилган автомобиллар ҳам янгиларига қараганда анча қимматроқ.
 
Хусусан, минилган “Matiz” автомобилининг нархи июнь ойида 23 400 000 дан 27 000 000 сўмгача ($10 085 дан $11 637 гача)бўлган миқдорни ташкил этган. Эслатиб ўтамиз, Белоруссияда янги “Matiz” $6 800 туради. Нархдаги тафовут деярли 2 баравар эканини кўриб турибсиз.  
 
Ўзбекистондаги ва чет элдаги нархлар орасида бундай катта фарқ нима билан боғлиқлиги, нега Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар Ўзбекистон фуқаролари учун қимматроқ сотилиши – номаълум.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.