Тошкент истироҳат боғлари ичида биринчи бўлиб “Lokomotiv” боғи чекишни тақиқлади

Тошкент истироҳат боғлари ичида биринчи бўлиб “Lokomotiv” боғи чекишни тақиқлади

Тошкентдаги энг янги истироҳат боғларидан бири ҳисобланган “Lokomotiv” биринчи бўлиб ўз ҳудудида чекишни тақиқлади. Бу ҳақда Кun.uz нашри «Газета.uz»га таянган ҳолда  хабар беради.

«Эндиликда истироҳат боғида фақат қатъий белгилаб қўйилган жойлардагина чекиш мумкин. Келинг, болаларимиз саломатлиги ҳақида биргаликда қайғурамиз», – дейилади 20 июль куни боғнинг “Facebook”даги саҳифасида эълон қилинган хабарда.
 
Қайд этилишича, Ўзбекистонда 2012 йилда қабул қилинган қонунга асосан, жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини чекиш мумкин эмас, бироқ бу қонунга аксарият ҳолатларда риоя этилмаяпти.

Бунга – аҳолининг бу борада етарлича ахборотга эга эмаслиги, назоратнинг йўқлиги ва қонун бузганлик учун жазо белгиланмагани, шунингдек, вазиятни ўзгартира оладиган аксарият раҳбарларда ташаббуснинг йўқлиги сабаб бўлмоқда.

«Бу жиҳатдан “Lokomotiv” парки маъмуриятининг қарорини олқишласа арзийди, чунки ушбу ташаббус нафақат бошқа истироҳат боғлари ва жамоат жойлари учун намуна, балки одамлар тўпланадиган жойларда чекишга нисбатан муносабатни ўзгартиришга ҳам ёрдам беради», – дейилади «Газета.uz» хабарида.

«Боғ ҳудудида чекишга қўйилган тақиқ – бу, биринчи навбатда, болалар, келажак авлод ва уларнинг саломатлиги учун», – дейди “Lokomotiv” паркининг матбуот хизмати вакили.

Нима учун ушбу тақиқ аввалроқ жорий этилмаганини тушунтираркан, боғ ходими бу ерга кираверишда фақат кулдонлар олдида чекиш мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришлар бошидан бўлганини маълум қилади.

«Биз одамларнинг бевосита навбатда туриб чекишларига эмас, балки онгли равишда ҳаракат қилишларига, кўрсатилган жойларда чекишларига умид қилгандик», – дейди парк вакили.

Бундан ташқари, қайд этишларича, бу қадар катта майдонда назоратни амалга ошириш ҳам осон эмас,  шу сабаб чекишга нисбатан тақиқни жорий этиш учун маълум тайёргарлик керак бўлган.

«Ҳозирги вақтда тақиқни бузган кишилар фақат огоҳлантирилиб, улардан чекиш учун ажратилган махсус ҳудудга ўтиш сўралмоқда, холос. Бироқ биз жарима жорий этиш масаласини ҳам кўриб чиқяпмиз», – дейди парк ходимлари.

«Бутун боғ бўйлаб чекиш тақиқлангани ҳақида 75 та белги ўрнатилган. Ҳар бир кириш жойига спиртли ичимликлар ичиш ва чекиш мумкин эмаслиги ҳақидаги ахборот лавҳалари қўйиб чиқилган. Боғимизда чекиш учун бешта ҳудуд ажратилган бўлиб, улар одам кам бўладиган жойларда жойлашган. Уларнинг ҳар бири олдига тегишли белги, урналар, кулдонлар ва скамейкачалар ўрнатилган», – дейди парк вакили.

Бундан ташқари, парк ишчилари билан катта тушунтириш ишлари олиб борилган, уларнинг ҳар бири чекиш тақиқлангани ҳақида огоҳлантирилган.

«Истироҳат боғига ташриф буюрувчилар билан боғлиқ ҳолатда парк маъмурияти жарима белгилаши ҳуқуққа зид, бироқ парк ходимлари билан боғлиқ ҳолатда аксинча. Боз устига, биз ташрифчиларнинг асосли шикоятлари ва чекаётган ходимларнинг суратларини кўриб чиқишга ҳам тайёрмиз», – дея қайд этади боғ ходими.

“Lokomotiv” истироҳат боғи матбуот хизматининг қайд этишича, парк маъмурияти барча қоидабузарларни назорат қилиб бориш имкониятига эга эмас, шу сабаб масъулиятли ҳордиқ чиқарувчиларни атроф-муҳитга зарар етказилишига йўл қўймасликка чақирмоқда.

Фотосурат: © fb.com/lokomotivpark

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.