МҚКҚ носоз ҳисоблагичлар масаласини ҳал этиш учун ташаббускор гуруҳ тузишни таклиф қилди

Агар истеъмолчиларда электр энергиясидан ҳақиқий фойдаланиш кўрсаткичлари тўғри ҳисобланаётганига доир шубҳалар юзага келса, унда истеъмолчилар ўз ҳисобидан такрор текширув ишларини ўтказиш учун ТЭТда ариза қолдиришлари мумкин

Монополияга қарши курашиш қўмитаси янги ҳисоблагичлар нотўғри ишлаётгани қайд этилган манзиллар бўйича қўмита вакиллари билан жойларга чиқадиган ташаббускор истеъмолчилар гуруҳини йиғишни таклиф қилмоқда.

Қўмитада қайд этишларича, янги ўрнатилган ва ўрнатиладиган электр энергиясини ҳисоблаш асбоблари “Ўзбекэнерго” АЖ томонидан техник талабларга мувофиқ харид қилинган, сертификатлаштирилган ва тегишли тарзда текширилган.

Агар истеъмолчиларда электр энергиясидан ҳақиқий фойдаланиш кўрсаткичлари тўғри ҳисобланаётганига доир шубҳалар юзага келса, унда истеъмолчилар ўз ҳисобидан такрор текширув ишларини ўтказиш учун ТЭТда ариза қолдиришлари мумкин.

«Бу ҳолда ТЭТ ҳисоблагични ечиб олади, шундан сўнг уни “Ўзстандарт”га олиб боришингиз ва хизматларга тўлаган ҳолда қайта текширтиришингиз мумкин. Шу тариқа, сизни ҳеч ким алдамаётганига ишонч ҳосил қиласиз. Акс ҳолда, сиз зарарни компенсация қилган ҳолда ҳисоблагични алмаштириш талаби билан мурожаат қилишингиз мумкин», – дея қайд этишди Монополияга қарши курашиш қўмитасида.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.