АОКА Олмазор туман ҳокими ўринбосарининг ҳаракатларини қоралади ва қонунлар ҳақида эслатиб қўйди
“Ахборот ва оммавий коммуниуациялар агентлиги мансабдорларнинг ОАВ вакилларига нисбатан номуносиб ҳаракатларини қоралайди”, – дея хабар беради Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг матбуот хизмати.
“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига кўра, давлат идоралари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари журналистга тазйиқ ўтказганлик, унинг журналистлик фаолиятига аралашганлик, журналистнинг материаллари ва зарур техника воситаларини ғайриқонуний равишда олиб қўйганлик учун жавобгарликка тортилади.
Эслатиб ўтамиз, бундан сал олдинроқ олмазор туман ҳокимининг ўринбосари Абдурасул Ваҳобов Kun.uz журналистига тажовуз қилгани ҳақидаги хабар тарқалганди.
“Афсуски, бундай ҳолатлар айрим мансабдор шахсларнинг қонунлардан бехабарлигини кўрсатиб қўймоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига кўра, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади”, – дейилади Агентлик тарқатган хабарда.
Шарҳлар