Давлат бюджети Олий Мажлисга тақдим этилишидан олдин жамоатчилик томонидан муҳокама қилинади

Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

29 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ушбу қонун билан фуқароларнинг бюджет жараёнларида фаол қатнашиш имкониятини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилди.

Унга кўра ташқи аудит натижалари бўйича Ҳисоб палатасининг хулосалари ва Давлат бюджети ҳамда давлат мақсадли фондларининг бюджети бажарилиши ҳақидаги йиллик ҳисоботларнинг баҳоси мажбурий равишда чоп этилади.

29 августдан бошлаб вазирликлар ва идоралар ўзларининг расмий веб-сайтларида бюджет маблағларидан фойдаланганлик, ўтказилган танловлар (тендерлар) ва харид қилинган товарларнинг етказиб берилиши ҳақидаги маълумотларни эълон қилиб боришлари керак.

Маҳаллий бюджетлар бажарилиши ҳақидаги ҳисоботнинг халқ депутатлари кенгашлари томонидан тасдиқланиш жараёни ОАВда ёритилади.

Давлат бюджети ва давлат мақсадли фондларининг бюджет лойиҳалари, уларнинг бажарилиши ҳақидаги ҳисоботлар, шунингдек келгуси икки йил учун бюджет дастури Олий Мажлисга тақдим этишдан олдин жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.