БМТ: ногиронларнинг тўлақонли интеграцияси учун шароитлар яратиш муҳимдир

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссари Мишель Бачелет ана шунга чақирди...

Мамлакатлар ногиронларга жамиятнинг тўла ҳуқуқли аъзоларига айланиш имконини берадиган шароитларни яратишни давом эттиришлари керак. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссари Мишель Бачелет ана шунга чақирди. Унинг нутқи шу йилнинг 26 августида Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитанинг 22-сессиясида янгради. Бу ҳақда БМТ Янгиликлар хизмати хабар беради.
 
Маълумки, 2006 йилда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида конвенция қабул қилинган эди. Шу пайтдан бошлаб, М.Бачелетнинг сўзларига кўра, мамлакатлар ногиронларни ҳимоя қилиш соҳасида сезиларли ривожланишга эришди. Кўплаб давлатларда ногиронларнинг таълим, соғлиқни сақлаш, меҳнат бозори соҳаларидаги имкониятларини кенгайтирувчи чоралар қабул қилинди, жамоат транспортидан фойдаланиш имконияти ошди. 
 
Шу билан бирга, у имконияти чекланган кишиларнинг аксарияти аввалгидай ўз ҳуқуқларининг бузилишига дуч келаётганини таъкидлайди. Ногиронларнинг жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиши йўлида кўплаб тўсиқлар мавжуд. Айниқса, низолар, табиий офатлар ва гуманитар инқирозлар шароитларидаги ногиронларга жуда оғир.
 
Бу йўналишда охирги пайтда халқаро институтлар томонидан қатор чоралар қабул қилинди. Хусусан, июнь ойида Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш иқлим ўзгариши контекстида ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги биринчи резолюцияни қабул қилди. БМТ Хавфсизлик кенгаши эса ўз резолюциясида барча мамлакатлар ва низо томонларини жанговар ҳаракатлар давомида имконияти чекланган кишиларни ҳимоя қилишга ва улар гуманитар ёрдам олиши учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга чақирди.
 
«Биз мамлакатларни уларнинг ногиронлар жамиятнинг тўлақонли аъзоларига айланиши учун зарур шароитларни яратиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашимиз зарур», – дейди Мишель Бачелет.
 
Ўзбекистонда ҳам ногиронликка эга шахсларга нисбатан инсон ҳуқуқлари тенглигининг ҳимоясини таъминлаш учун конкрет чоралар кўрилмоқда. Хусусан, мамлакатда имконияти чекланган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдамни ташкил қилиш тизими амал қилмоқда, бу уларни протез-ортопедик буюмлар ва техник реабилитация воситалари (эшитиш аппаратлари, кресло-аравалар ва ҳ.к.) билан таъминлаш имконини беради.
 
Шунингдек “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, амалга оширилмоқда.
 
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази ўтказган мониторинг маълумотларига кўра, ногиронларга мамлакат ривожига тўлақонли ҳисса қўшиш имконини берадиган шароитларни яратиш борасидаги ишлар бўйича ҳали жамиятимиз олдида бир талай вазифалар турибди.
 
Жумладан, ногиронлар учун мўлжалланган мосламаларсиз бинолар қуриш ва транспорт воситаларини ишлаб чиқариш имконини бермайдиган қонуний нормаларга қарамасдан, амалда бу нормалар ҳар доим ҳам бажарилмаяпти.
 
Ногиронликка эга шахслар ўз ҳордиқларини мазмунли ўтказиши учун спорт, маданий, таълим ва бошқа ижтимоий объектларга ҳеч қандай тўсиқсиз киришлари ва фойдаланишлари муҳим аҳамиятга эга. 
 
Ногиронликка эга шахсларнинг ҳозирда амал қилаётган таълим олиш тизими замонавий талабларга жавоб бермайди, уларнинг меҳнат фаолиятига жалб этилиш даражаси ҳам паст.
 
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази қуйидаги чораларни кўришни муҳим деб ҳисоблайди:
 
– ногиронликка эга шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун амалда тенг шароитларни таъминлаш, уларнинг бузилиши учун жавобгарлик мажбурий ва муқаррар бўлиши керак;
 
– шифокор-меҳнат экспертизаси ва ногиронликни белгилашнинг замонавий, шаффоф методлари ва мезонларини жорий этиш, ногиронликка эга шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш;
 
– ногиронликка эга шахсларнинг оиласи, жамият ва давлат билан ўзаро алоқасини кучайтириш, уларнинг қулай муҳитда бўлишини, шаҳар йўловчи транспортидан, ижтимоий ва бошқа инфратузилма объектларидан тўсиқсиз фойдаланиши учун зарур шароитларни тўлиқ ҳажмда яратиш;
 
– ногиронликка эга шахсларнинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол қатнашишини таъминлаш учун уларнинг инклюзив таълим ва ишга жойлашиш тизимини амалга жорий этиш ва мунтазам равишда такомиллаштириб бориш.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.