Қашшоқлик сабаблари ва унга қарши курашиш йўллари

Қашшоқлик сабаблари ва унга қарши курашиш йўллари

Қашшоқлик ҳар қандай жамият учун тавқи-лаънат ҳисобланади, чунки қашшоқлик чегарасида яшайдиганларни яхши ҳаётга бўлган ишончдан, яхши яшаш учун мотивациядан ва ниманидир ўзгартириш кераклиги ҳақидаги фикрлардан маҳрум қилади.
 
Эҳтимол, қашшоқликнинг айнан шу сифатлари уни жамиятни бошқаришнинг қулай воситасига айлантираётган бўлса ажабмас. Ахир, абсолют қийматлардаги умумий бойликлар умумий аҳоли сонида зиғирдай бўлган одамларнинг кичик гуруҳига тегишли.
 
Ҳукумат одамларнинг турмуш шароитлари яхши томонга ўзгаришидан манфаатдор эканига, ҳар бир кишига жамиятнинг моддий ва маънавий ресурсларидан тенг фойдаланишни таклиф қилишга тайёр эканига бўлган ишонч – болаларча соддалик бўларди. Айниқса, агар шундай йўналиш олган ҳукумат ҳокимиятни қўлдан чиқаришдан мутлақо манфаатдор бўлмаган тор кишилар доирасининг назорати остида бўлса. 

Бундан хулоса шуки, чўкаётганларни қутқариш чораси чўкаётганларнинг ўз қўлида. Буни аҳолининг чўкаётган қатлами қанча тез англаб етса, кеч бўлмасиданоқ ниманидир тўғирлаш имконияти шунча кўп бўлади.

Аммо қашшоқлик билан курашиш учун энг аввало қашшоқлик сабабларини тушуниб етиш лозим, ахир у ҳар доим конкрет сабабларга, маданий-тарихий, ижтимоий-иқтисодий контекстга, фонга эга бўлади.
 
Одатда қашшоқлик сабаблари ва кўламлари муайян моддий мезонлар асосида ва мақсадли сўровларни ўтказиш, ижтимоий-иқтисодий муҳитни, иқтисодиёт ривожининг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш йўли билан аниқланади. Менда бундай тадқиқотлардан фойдаланиш имконияти йўқ, шу боис мақолада фақат ўзимнинг кўп йиллик кузатувларим ва хулосаларимга таянаман. Шунга мос равишда, бу ерда баён этилганларнинг барчаси – менинг шахсий фикрим бўлиб, охирги инстанцияда ҳақиқатга даъвогарлик қилмайди.
 
Жамият томонидан мажбуран юклатилган муайян шароитлар туфайли ўзининг минимал, аммо объектив моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондира олмайдиган одам мен учун қашшоқ одам ҳисобланади. Фикримча, қашшоқлик чегараси, бойлик каби аниқ бир тавсифга эга эмас. Чунки бугунги “қашшоқ” одам 20 аср бошида, социализмда, “ўртаҳол” ҳисобланиши мумкин эди. У ўз квартирасига, оддий ижтимоий қулайликларга, телевизор ва совутгичга эга – шу холос…  У ўз топган-тутганини шу квартирани сақлашга сарфлаши, ўзи ярим оч ҳолда яшаши, йиллар давомида энг арзон кийимларни кийиши, фарзандларига яхши (олий) таълим бера олмаслиги, дам олишга бора олмаслиги, агар касалланса, даволана олмаслиги – чизиқ ортида қоладиган нарса… Айнан шу боис социализмда таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний маданиятни ривожлантириш (ҳеч бўлмаганда базавий даражада) муаммоларни қатъий тарзда ҳал қилинган.

Қашшоқлик сабаблари нимада?

Биринчи ва энг асосий сабаб – таълим даражасининг жамиятнинг (шу жумладан ишлаб чиқаришнинг) базавий эҳтиёжларидан ортда қолиши  ва жамиятнинг барча қатламлари учун бир хил сифатли таълим олиш имкониятининг йўқлиги. Натижада, ишчи қўллар кўп (оддий таклиф), талаб қилинган малакали ходимлар эса жуда кам. Ишчи кучи миграцияси муаммоси ҳам айнан шунда – бизда ишчи кучи ортиқча эмас, балки малакасиз ишчи кучи ортиқча, унга бўлган талаб йилдан-йилга тушиб бормоқда.  
 
Малакасиз киши, ўз номи билан, кўпроқ қўшилган қийматни ярата олмайди, демакки, юқорироқ иш ҳақига ҳам даъвогарлик қилолмайди.

Ишчи кучига бўлган талаб таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, малакали ишчи кучига талаб жуда катта, аммо таклифлар жуда кам. Ўзимнинг энг муҳим позицияларга, яъни газпайвандчи, электрпайвандчи, электр симларини ўтказиш бўйича монтажчи, сантехника ускуналарининг монтажчиси лавозимларига одамларни қабул қилиш тажрибам чоғида берилган аризаларнинг умумий сонидан ярмини танлаб олганимиз, улардан фақат 10 фоизигина синов муддатидан ўтгани эсимда.

Шу билан бирга,  5 йилдан бери биз сотувлар бўйича яхши мутахассисни ҳамон топа олганимиз йўқ. Ишга даъвогарларнинг ҳаммаси хусусий секторда қандай ишлаш кераклигини, товар ва хизматларни қандай сотиш лозимлигини билмайди.

Касб-ҳунар техника таълими тизими йўқ қилинди, ўрнига эса янги бирор нарса таклиф қилинмади. Ўқув муассасаларининг бўлғуси ишчи кучи истеъмолчилари билан алоқалари, иқтисодиётнинг ишчи касбига ва бошқа касбларга бўлган реал эҳтиёжини тўғри белгиламаслик туфайли йўқотилди.

Иккинчи сабаб: иқтисодиётнинг хароб бўлиши ва ундан кейинги давлат мулкини хусусийлаштириш ишлари сифатли ишчи кучидан манфаатдор бўлган мулкдорларнинг янги синфини яратмади. Халқ бойлиги бир гуруҳ шахсларнинг қўлига тушди, уларнинг ҳаммаси ҳам оддий фуқароларнинг ҳуқуқларини, юқоридан аралашувсиз, ишончли ҳимоя қилиши мумкин бўлган тийилишлар ва қаршиликлар тизими ишлашидан манфаатдор эмасди.

Учинчи сабаб: социализмдан капитализмга ўтиш даврини бошидан кечирган одамларнинг руҳий тайёр эмаслиги, уларнинг инфантилизми, худди социализмдаги каби патерналистик давлатга бўлган умиди.

Тўртинчи сабаб: умумий қадриятлар тизимининг хароб бўлиши, жамиятда ахлоқ ва ироданинг тушиб кетиши, аниқ мўлжаллар ва одатий бир маъноли жавобларнинг йўқлиги. Нима қилишни билмайдиган, саводи паст аҳоли реал ҳаёт сифати, ҳаёт фаолияти усуллари ҳақида ўйламасдан, омон қолиш усулларини излай бошлади. Шунга мос равишда кўпчилик одамларда ўзини пастроқ кўриш комплекси ривожланди: улар ишонмай қўйди ва вазиятдан чиқиш йўлларини излашни тўхтатди, ўзларига бўлган ишончни йўқотиб, осон бошқариладиган тобе оломонга айланди. Бунинг устига муайян манипуляциялар орқали қашшоқ бўлиш айб эмас деган ўгит пайдо бўлди. Ҳолбуки, назаримда, ўзининг бир марта бериладиган ҳаётини ўзгартиришга ўзида ирода топа олмаслик, турмушининг фақирлигини сезмаслик энг катта айбдир.

Бешинчи сабаб: СССР пайтида Москва бўлганидай, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан кучли бўлган Марказнинг йўқлиги (сиёсий маънода), мамлакат иқтисодиётини кўп жиҳатдан ўз мудофаасини, жамоат тартибини, жойларда оддий давлат ҳокимиятини таъминлашга катта эътибор қаратишга ҳам мажбур этди. Бу куч ишлатувчи тузилмаларнинг босими ва таъсири кучайишига олиб келди, улар фуқаролик ташаббусларини бераётган фуқаролик институтларига тазйиқ ўтказа бошлади. Энди одамлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятидан ҳам маҳрум бўлдилар, улар қашшоқ, аммо тинч яшашни кафолатлайдиган ўз ҳаётларига кўникишга мажбур бўлди.   
 
Олтинчи сабаб: давлатнинг иқтисодий ҳаётга ҳаддан ташқари кўп аралашиши, хусусан: маҳаллий валюта конвертациясини чеклаш, ҳаддан ташқари катта солиқлар, бюджет маблағларининг деярли назоратсиз сарфланиши, монополияларнинг пайдо бўлиши, ҳар қандай моддий ва интеллектуал ресурслардан фойдаланишни чеклаш ва ҳ.к.

Ҳозир нима юз беряпти?

Оллоҳга шукурким, қашшоқлик пайдо бўлишининг шарт-шароитлари аста-секин йўққа чиқиб бормоқда. Афтидан, қашшоқлик сабабларини англаш учун вақт, ҳам ҳукуматнинг, ҳам фуқароларнинг, янгидан пайдо бўлаётган фуқаролик жамиятининг, унинг институтларининг қашшоқликни енгиб ўтиш бўйича дадил қадамлари зарур эди.

Аммо ташвишли тенденциялар ҳам кузатилмоқда. Бу борада катта умидларни бераётган кичик ва ўрта бизнес ўз позициясини мустаҳкамлаб олиб, ишчи кучи бўйича талаб ва таклиф мувофиқлигини таъминловчи “майдон”ни яратади, аста-секин одамлар учун моддий, молиявий ресурслардан, ер ости бойликларидан, ердан фойдаланиш бўйича тенг шароитларни яратади деган умидлар бор эди. Бироқ шошқалоқлик билан ўтказилган солиқ ислоҳоти, иқтисодиёт иштирокчиларини рағбатлантиришга, ерни хусусийлаштириш бўйича ташаббусларга, йирик давлат активларини ижарага беришга бўлган танлама ёндашув, молиявий ресурсларнинг (нафақат уларнинг) ўта юқори қийматлари бу умидларни хавф остига қўйди.

Бунга қўшимча равишда, давлат капитализмининг, яъни давлат-хусусий сектор шериклигининг ривожланиши, олигархатнинг асосий миллий бойликлар устидан назорат қилишининг кучайиши шунга олиб келдики, аҳолининг қатламларга ажралиши янада кучайиши учун шарт-шароитлар мустаҳкамланди.

Қашшоқликка қарши қандай курашиш мумкин?
 
·         Талаб ва таклифни иложи борича яқинлаштириш учун таълим стандартлари ва уларни тақдим этиш шартларини (бошланғич, ўрта, олий таълим) қайта кўриб чиқиш;
·         Кичик ва ўрта бизнес (КЎБ) фаолияти шароитларини қайта кўриб чиқиш ва КЎБларнинг ривожланишига максимал ёрдам берадиган ривожланиш моделини ишлаб чиқиш;
·         Бюджет устуворликларини таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний маданият, спорт, сайёҳлик, маданият ва тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш томонига қайта кўриб чиқиш;
·         Кўп фарзандли оилалар, ногиронлар ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш учун манзилли дастурларни ишлаб чиқиш.
Бу рўйхат мамлакатда қашшоқлик даражасини пасайтиришга кўмаклашадиган эҳтимолий чораларнинг тўлиқ рўйхати эмас, албатта. Бироқ, бу борада конструктив мунозара ва Ҳукуматнинг конкрет чоралари жуда зарурлиги яққол кўриниб турибди.
 
Абдулла Абдуқодиров, колумнист

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.